Гаага конференцияси Устави ратификация қилинади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 18 февраль куни ўтказилган навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётига дахлдор кўплаб қонун лойиҳалари қаторида “Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам атрофлича муҳокама этдилар.

Гаага конференцияси Устави ратификация қилинади

Таъкидланганидек, Гаага конференцияси 1893 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Гаага шаҳрида жойлашган халқаро ҳукуматлараро ташкилот ҳисобланади. Ташкилотнинг асосий мақсади халқаро хусусий ҳуқуқ нормаларини босқичма-босқич унификация қилишга кўмаклашишдан иборатдир.

Ҳозирги кунда ташкилотга 82 та давлат, шу жумладан, Европа Иттифоқи аъзо саналади. МДҲ давлатлари орасидан эса, конференцияда Арманистон Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Россия Федерацияси иштирок этади.

Гаага конференцияси 1955 йил 15 июлда кучга кирган Устав асосида фаолият юритади.

Мажлисда кечган муҳокамаларда мазкур ташкилот Уставини ратификация қилиш билан боғлиқ барча масалалар депутатлар эътиборидан четда қолмади.

Парламент аъзоларининг фикрича, Ўзбекистоннинг мазкур ташкилотга аъзо бўлиши халқаро фуқаролик, оилавий ва хусусий ҳуқуқнинг унификацияси жараёнида мамлакатнинг иштирокини ва замонавий стандартларни ҳисобга олган ҳолда, ҳуқуқий соҳани янада ривожлантиришни ҳамда чет элда яшовчи фуқароларнинг ҳуқуқ-манфаатларини самарали ҳимоя қилишни таъминлашга хизмат қилади. Ташкилотнинг Кенгашига кириш орқали эса, конференциянинг иш дастурларини белгилашда қатнашиш имкони пайдо бўлади.

Шунингдек, мамлакатнинг халқаро ҳамжамиятга янада интеграциялашувини чуқурлаштиришга кўмаклашиш, халқаро фуқаролик, оилавий ва тижорат ҳуқуқининг ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, ҳуқуқ соҳасида замонавий стандартларни татбиқ этишни тезлаштиришга кўмаклашади. Конвенцияларни амалга ошириш доирасида тақдим этиладиган техник ёрдамдан устувор фойдаланишга шароит яратади. Бундан ташқари, бу аъзолик ташкилот томонидан ишлаб чиқилаётган янги конвенциялар бўйича музокараларда бевосита қатнашиш, шу орқали мамлакатимизнинг халқаро майдондаги манфаатларини илгари суриш имкониятини кенгайтиради.

Қизғин кечган муҳокамалар, савол-жавоблардан сўнг “Халқаро хусусий ҳуқуқ бўйича Гаага конференцияси Уставини (Гаага, 1951 йил 31 октябрь) ратификация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинди.

| 3305 19.02.2020



×
Портал харитаси