Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди

Жорий йилнинг 7 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар бирлашмаларининг таклифига биноан мазкур дастурнинг жойлардаги ижроси тўғрисидаги масала бўйича депутатларга ахборот бериш ва уларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтариш учун Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари таклиф этилди.

 

                            Туризмни ривожлантириш борасидаги ишлар  “Ҳукумат соати”да муҳокама этилди


Янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиётни диверсификациялаш ва ҳудудларни жадал ривожлантириш, валюта тушуми, аҳолининг турмуш сифати ва даромадларини ошириш, мамлакатнинг инвестиция жозибадорлиги ва имижини яхшилаш кабилар мамлакат раҳбарияти диққат марказида турган муҳим масалалар сирасига киради. Бу каби ижтимоий-иқтисодий вазифаларнинг ҳал этилишида миллий иқтисодиётнинг энг муҳим секторларидан бири ҳисобланган туризмнинг ўрни беқиёсдир.

Айни пайтда юртимизда мазкур соҳани ривожлантириш бўйича изчил сиёсат юртилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2017 йил 16 августдаги қарори билан тасдиқланган “2018-2019 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури” мамлакатимизда туризмни жадал тараққий эттириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, валюта тушумини кўпайтириш, инфратузилмаларни яхшилашга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 7 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар бирлашмаларининг таклифига биноан мазкур дастурнинг жойлардаги ижроси тўғрисидаги масала бўйича депутатларга ахборот бериш ва уларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтариш учун Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари таклиф этилди.

Йиғилишда таъкидланишича, дастурда жами 53 та тадбир кўзда тутилган бўлиб, шулардан 22 таси бажарилган, қолган 23 таси бўйича тегишли вазирлик, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ишлар олиб борилмоқда, 8 та тадбирнинг доимий равишда ўтказилиб борилиши назарда тутилган. Шунингдек, дастур доирасида 10 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиниб, амалга оширилмоқда.

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 4 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси консуллик йиғимлари тарифларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори асосида якка тартибдаги хорижий сайёҳлар учун 30 кун муддатга бериладиган ягона кириш туризм визалари жорий қилинди. Якка тартибдаги хорижий туристлар учун кириш туризм визаларини расмийлаштириш нархи учдан бир қисмга камайтирилди. Туристлар гуруҳи визасини расмийлаштириш учун гуруҳларнинг қуйи чегараси икки баробарга (10 нафардан 5 нафарга) камайтирилди.

Қўмита раиси ўринбосарининг таъкидлашича, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, юртимизга ташриф буюришнинг тўсиқларсиз амалга оширилишини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, қўшни давлатлар билан ҳамкорликда сайёҳлик йўналишлари, шу жумладан, Буюк Ипак йўли йўналиши бўйича туристик маршрутларни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 4 июлдаги қарори асосида Европа ва Осиё — Тинч океани минтақаси ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни оптималлаштириш мақсадида, республиканинг ягона географик жойлашувини инобатга олган ҳолда 101 мамлакат фуқароларига республиканинг аэропортларидан транзит саёҳатчи сифатида ҳаракатланаётганда 5 сутка мобайнида визасиз мамлакатда бўлиш имконияти берилди. Бундан ташқари, агротуризмни ривожлантириш, ҳудудлар кесимида туризм соҳасини ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, бугунги кунга қадар республикамизнинг айрим ҳудудларида махсус туризм зоналари ташкил қилинмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 5 декабрдаги Фармони асосида “Чорвоқ” эркин туристик зонаси, Вазирлар Маҳкамасининг “Сурхондарё вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори доирасида Бойсун, Сариосиё ва Шеробод кичик туризм зоналари ташкил этилди.

Қўмита раиси ўринбосари томонидан билдирилганидек, миллий сайёҳлик маҳсулотларини ички ва ташқи бозорларда тарғиб қилиш борасида мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини хорижий йирик туризм бозорларида тарғиб қилиш доирасида “Дам олиш дунёси – 2017” халқаро туризм кўргазмаси ва қатор тақдимот тадбирлари ташкил этилган. Хорижий мамлакатлар элчилари, Европа тикланиш ва тараққиёт ҳамда Жаҳон банкининг, шунингдек Ғарбнинг йирик ОАВ – “BBC”, “CNN” ва “Euronews” вакиллари билан 20 тадан ортиқ учрашувлар ўтказилди. Қатор халқаро туризм форумлари ва кўргазмалари, жумладан Мадрид, Берлин, Москва, Остона, Токио, Париж, Измир шаҳарларида ташкил этилган йирик тадбирларда қўмита мутасаддилари иштирок этди.

Мамлакатимизнинг 40 дан ортиқ туризм ташкилотларига Испания, Польша, Латвия, Корея Республикаси, Малайзия, Туркия, Индонезия каби мамлакатларнинг туроператорлари билан ҳамкорлик келишувлари ўрнатишларига кўмаклашилди. Жаҳон ҳамжамиятини мамлакатимизнинг туризм салоҳияти тўғрисида хабардор қилиш мақсадида 19 та давлатнинг (Бельгия, Буюк Британия, Испания, Италия, Хитой, Россия, Туркия, Япония ва б.) ОАВ вакилларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилди.

“Ҳукумат соати” доирасида бўлиб ўтган савол-жавоблар чоғида мамлакатимизда туризмни ривожлантириш борасида синовдан ўтган илғор халқаро тажрибани ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш, янги сайёҳлик йўналишларини очиш, фойдаланилмаётган имониятларни ишга солиш, инфратузилмаларни халқаро талаблар асосида яхшилаш, бир сўз билан айтганда, мафтункор юртимизга жаҳон сайёҳлари оқимини кенгайтириш масаласига эътиборни кучайтириш лозимлиги қайд этилди. Ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларини бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини такомиллаштириш бўйича таклиф ва мулоҳазалар муҳокама этилди ва ушбу ҳужжат лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари депутатларнинг “2018-2019 йилларда туризмни ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури”нинг жойлардаги ижроси, қўлга киритилаётган натижалар билан бир қаторда йўл қўйилаётган камчиликлар борасидаги саволларига жавоб қайтарди.

Йиғилиш якунида мазкур соҳадаги ишлар юзасидан самарали парламент назоратини олиб боришга келишиб олинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

| 171 07.08.2018



×
Портал харитаси
Диққат! Портал тест ҳолатида ишламоқда!
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг