Депутатлар мамлакатда илм-фан, туризм, суд-ҳуқуқ соҳаларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

2018 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида бир қатор долзарб қонун лойиҳалари депутатлар томонидан кўриб чиқилди.

Депутатлар мамлакатда илм-фан, туризм, суд-ҳуқуқ соҳаларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар

Ўзбекистон тараққиётининг бугунги босқичида иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини ривожлантириш билан бирга илм-фан ва ташқи сиёсат борасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ана шундай эзгу мақсадларни, хайрли ишларни амалга ошириш учун эса қонуний асослар зарур бўлади. Шу маънода, барча жабҳада кечаётган туб ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлган пухта ва мукаммал қонунлар яратилишини даврнинг ўзи тақозо этмоқда.       

2018 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир қатор долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилган навбатдаги мажлисида депутатлар муҳокамаларга ана шу мезонлар асосида ёндашдилар. Таъкидлаш жоиз, аввалроқ барча масалалар сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати йиғилишларида муҳокама қилинган эди.  

Олий Мажлис қуйи палатаси мажлиси кун тартибидан ўрин олган дастлабки масала – “Фан тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси депутатларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.

Таъкидланганидек, биринчи ўқишда кўриб чиқилган мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги 2018 йил 22 январдаги Фармонининг 3-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда мамлакат илм-фани ва илмий салоҳиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни ривожлантиришда фан ва техниканинг ҳиссасини ошириш, амалга ошириладиган илмий тадқиқотларнинг сифати ҳамда самарадорлигини юксалтириш, илм-фан, таълим, ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишининг зарурати ҳам айни ана шундандир.   

Қонун лойиҳаси билан илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасида давлат бошқарувини амалга оширувчи органларнинг ваколатлари, илмий ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш чора-тадбирлари ҳамда давлат илмий-техникавий экспертизаси, илмий ва илмий-техник натижаларнинг илмий ва илмий-техник даражасини, иқтисодий самарадорлиги ва амалий аҳамиятини комплекс тарзда баҳолаш ва мониторинг қилиш  белгиланмоқда. Шунингдек, яна бир муҳим жиҳат – илмий ва илмий-техникавий фаолиятни молиялаштиришнинг асосий принциплари, манбалари ва шакллари кўрсатиб ўтилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасидаги ҳуқуқий, молиявий, ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг тартибга солинишини таъминлайди.

Шу билан бирга, илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормаларнинг яхлит бир ҳолатга келтирилиши илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасида ҳуқуқий муҳитни юзага келтиради ҳамда илмий ва илмий-техникавий фаолият барча иштирокчиларининг самарали алоқаларини таъминлаш имконини беради.

Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Сўнгра депутатлар янги таҳрирдаги “Туризм тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишга киришдилар.

Айни пайтда мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бирига айланиб бораётган туризмни жадал ривожлантириш учун ҳар томонлама пишиқ ва мукаммал бўлган ҳуқуқий асос зарур. Бундан 19 йил аввал қабул қилинган “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бугунги давр талабларини бажара олмаётгани бор гап.

 Биринчи ўқишда депутатлар эътиборига ҳавола этилган “Туризм тўғрисида”ги  Ўзбекистон Республикаси  Қонунилойиҳаси эса, депутатларнинг таъкидлашича, юртимизда замонавий, юқори самарали ва рақобатбардош туризм тармоғини шакллантириш учун ҳуқуқий шароитлар яратишга хизмат қилади.  

Қонун лойиҳасида мамлакатда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш учун ташкилий шароитлар яратиш, туризм жабҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг барқарорлиги, аниқлиги ва мослашувчанлигини таъминлаш, шунингдек, туризм соҳаси субъектлари фаолиятининг шаффофлигини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни шакллантириш ҳисобига барча даражадаги бюджетларга туризмдан тушадиган даромадларни ошириш, қонунларимизни туризм соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар билан уйғунлигини таъминлашга қаратилган нормалар  акс эттирилмоқда.

Депутатлар томонидан қайд этилганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши билан туризм фаолияти субъектларининг ҳуқуқий ҳолати аниқлаштирилади, давлат ҳокимияти органининг туризмни давлат томонидан тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари аниқ белгиланади. Бу эса, ўз навбатида, ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини оширишга олиб келади.

Шунингдек, депутатлар томонидан мажлис кун тартибига киритилган «Жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахслар устидан ички ишлар органларининг маъмурий назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

| 3609 10.10.2018



×
Портал харитаси