Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилинди

2018 йил 19 июль куни парламент қуйи палатасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмиталари билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этилди. 

 

Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилинди

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурини амалга ошириш ҳамда БМТнинг бола ҳуқуқлари бўйича Конвенциясини имплементация қилиш доирасида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари” мавзуига бағишланган тадбирда манфаатдор вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, илмий ва таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича Минтақавий директори Афшан Хан иштирок этдилар.

Таъкидланганидек, айни пайтда Ўзбекистонда барча соҳаларда бўлгани каби ёшлар масаласига устувор аҳамият қаратилиб, уларнинг жисмоний, интеллектуал ҳамда маънавий-аҳлоқий ривожланишини юқори даражада таъминлашга қаратилган қонунчилик, дастурий, ташкилий, ижтимоий­-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида оналик ва болаликни мустаҳкамлашболалар ва ёшларнинг таълим олишга, малакавий тиббий ва ижтимоий хизматга эга бўлиш имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилгани тадбирда иштирокчилар томонидан келтириб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-Сессиясидаги маърузасида таъкидланган давлатларнинг ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги сиёсатини такомиллаштириш ҳамда Ёшлар ҳуқуқлари бўйича Халқаро конвенция қабул қилиш юзасидан билдирган ташаббусига тўхталиб ўтилди.

Йиғилишда иштирокчиларнинг эътибори болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича Вакил институтини жорий қилиш ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича Вакил тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш орқали ёш авлод ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.

 Халқаро ва хорижий тажрибага кўра болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича ихтисослаштирилган омбудсманлар фаолияти, боланинг манфаати йўлида давлат бошқарувини такомиллаштиришга, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция қоидаларини қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига тадбиқ этишга, боланинг шахси, шаъни ҳамда қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига жамоатчилик, давлат тузилмалари, шунингдек ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларда ҳурмат даражасини оширишга кўмаклашади. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб Ўзбекистонда болалар ва ёшлар ҳуқуқлари бўйича Омбудсман институтининг жорий этилиши, болалар ва ёшларга оид давлат сиёсатини янада такомиллаштиришга қаратилган “Ҳаракатлар стратегияси”да назарда тутилган жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ўзгаришларга, фуқароларнинг, шу жумладан болалар ва ёшларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг энг муҳим шакллари ва тартибини тубдан қайта кўриб чиқиш асосида уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга, болалар ва ёшлар ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолияти устидан жамоатчилик назорати ва жамоатчилик бошқарувини ривожлантиришга хизмат қилиши айтиб ўтилди.

Тадбир иштирокчилари ҳозирги дунёда таҳдиди кучайиб бораётган диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, ва “оммавий маданият” каби иллатлардан ёш авлоднинг хавфсизлигини таъминлаш тизимини шакллантириш мақсадида болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қўшимча тузилмалар тузиш мақсадга мувофиқ эканлигига ишонч билдирдилар.

Шунингдек, тадбирда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастуринининг 172-бандини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қоидалари муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида муҳокама қилинган қонун лойиҳалари ва уларнинг халқаро экспертизасида ЮНИСЕФнинг иштирокини янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар қабул қилинди.

| 3921 20.07.2018



×
Портал харитаси