Created with Highcharts 5.0.4

Барча ёқлаб берилган овозлар сони


Жаҳон маданий меросини сақловчи Марказий давлат архивига “миллий” мақом ва янги бино бериш ҳақида
Жамоавий мурожаат матни
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари асосида Ватанимиз тарихини ёритувчи юртимиздан ташқарида сақланаётган ҳужжатларни қайтариш ва уларни сақловига эътибор кучайтирилаётган бир вақтда, ўзимизда сақланаётган ноёб архив манбалар аянчли шароитларда сақланмоқда. Маълумки, 2018 йил 22 майда Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви ЮНЕСКОнинг “Жаҳон хотираси” дастурига киритилган “Хива хонлари девонхонаси архив ҳужжатлари”ни сақловчи муассаса сифатида махсус халқаро сертификат билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу эса ўз навбатида, архивнинг жаҳон ҳамжамияти олдида яна бир бор мавқеини ошиши ва архив ҳужжатларидан фойдаланувчи хорижий тадқиқотчилар сонининг ортишига туртки бўлади. Навбатдаги вазифа архивга “Ўзбекистон Республикаси Миллий архиви” мақомини бериш, унинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш бўлиб, улар қуйидагилар билан асосланади: 1. Агар биз ривожланган давлатлар (АҚШ, Германия, Англия, Франция, Япония ва Корея) тажрибасига суянадиган бўлсак, улардаги етакчи архивлар “миллий” мақомга эга бўлиб, тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилаётганлигини кўришимиз мумкин. Бу эса, давлат архивини пуллик хизмат кўрсатиш йўли билан маблағ топиш тўғрисида қайғуриши ўрнига давлат ва жамият аҳамиятига молик бўлган бебаҳо миллий меросни асраб авайлаш ишлари билан тўлиқ шуғулланиш имкониятини яратиб берган. 2. Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архиви ҳужжатлар ҳажми ва қийматлилиги бўйича Марказий Осиёдаги энг йирик архив саналади. Бугунги кунда архивда 3 миллиондан ортиқ йиғмажилд (дело)лар сақланиб, энг қадимийси IX асрга оид маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатдир. Аммо ушбу ноёб ҳужжатлар сақланаётган архив биноси 1964 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, замонавий талабларга умуман жавоб бермайди. Маълумки, архивнинг бирламчи вазифаси ҳужжатларнинг бус-бутун сақланишини таъминлашдир. Аммо Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивининг биносида ҳеч қандай шароитлар мавжуд эмас. Жумладан, архив сақловхоналарида узоқ йиллардан бери кондиционер (қишги ва ёзги совуткич ва иситкичлар) тизими ишламаётганлиги, ўтган йиллар давомида зарурий ҳаво ва намликни таъминлаш учун зарурий меъёр талабларининг бажарилмаслигига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, ривожланган хорижий давлатлар ва ҳаттоки бир қатор МДҲ давлатларида сақловхоналар замонавий стеллажлар, ёритиш тизими, қўриқлаш ва ёнғин хавфсизлиги тизимларини компьютер техникаси ёрдамида махсус дастурда бошқариш йўлга қўйилган. Биздаги архивларда эса ҳамон эскирган усулда ишлар давом этмоқда. 3. Масофадан туриб ахборотни электрон шаклда излаб топиш ва унга буюртма бериш имкониятлари ошиб бораётган бир вақтда Марказий давлат архивида ҳамон анъанавий тарзда қоғоз каталогларидан фойдаланиш давом этиб келмоқда. Мазкур масалани ҳал этиш учун архивда махсус дастур ишлаб чиқиш ва техника сотиб олиш заруратининг туғилганига анча йиллар бўлган. Афсуски, бу соҳада ҳам Ўзбекистон архивлари анча орқада. Ушбу архивда “Жаҳон хотираси” дастурига киритилган ҳужжатларни сақлаш ва уларни ўрганиш учун ташриф буюрган ҳар қандай тадқиқотчига зарурий шароитлар яратилмаган.
Жамоавий мурожаат / ғоя ни амалга ошириш
Юқоридаги фикрларни инобатга олиб, архивга “миллий” мақом бериш, замон талабларига жавоб берувчи янги бино қуриш, моддий техник базасини мустаҳкамлаш, архив ишини ахборотлаштириш тўғрисидаги махсус қарорни қабул қилиш вақти келди, деб ўйлаймиз.
4906
Изоҳлар (3)
XASANOVA OBIDAXON UBAYDULLAYEVNA
Ўтмишга қайтиб иш кўриш хайрлидир, тарихга назар солиб келажакни бехато яратиш мумкин. Унутманг, сиз айтаётган ўша янги китоблар ҳам ўтмиш бисотидан бунёд бўлади. Архивчилар бошлаётган бу иш хайрли бир амал бўлиб, замирида бизнинг ўтмишга қараб интилаётганимиз эмас, балки ўтмиш шу кунгача асраган милий меросни келажакка нуқсонсиз етказишдир.
15 Октябрь 2018, 17:16
ISAKOVA MUXAYO SRAJIDINOVNA
Сиз айтаётган китоблар бир неча тиражда чоп этилади, архив хужжатлари эса ягона нусхада. Хеч бир давлатда уз архивларига ва хужжатли меросига бундай бахо берилмаган.
2 Август 2018, 07:42
RUSTAMOV SHAVKAT HIDOYATOVICH
Кимга хам керак ўша сизнинг архивингиз, Одам ўтмишга караб эмас, келажакка караб интилиши керак. Ундан кўра Ўзбекистон илмий китоблар электрон базасини яратишни таклиф қилганингиз миллат учун, келажак учун фойдалироқ бўларди.
29 Июль 2018, 13:35

Изоҳ қолдириш

Изоҳ қолдириш учун id.egov.uz тизими орқали рўйхатдан ўтишингиз лозим
×
Портал харитаси