Депутат талаби билан ОТМ ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизга туширилди

Амалий ва конструктив таклифлар. Парламент қуйи палатасида қонун шаклида қабул қилинган 2020 йилги Давлат бюджети муҳокамаси депутатларнинг қизғин муҳокамасига сабаб бўлиб, уни такомиллаштириш юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди. Мақсад — уни такомиллаштириш, мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг муҳим соҳаларидаги масалаларни ҳал этадиган, ҳеч қандай саволга ўрин қолдирмайдиган нормалар билан бойитиб, пишитишдир.

 

                    Депутат талаби билан ОТМ ягона ижтимоий тўлов  25 фоиздан 12 фоизга туширилди

 

Айтиш жоизки, илгарилари давлат бюджетини парламентда тасдиқлаш кўпроқ расмий характерга эга бўлган бўлса, бу сафар муҳокамалар том маънода амалий руҳда кечди. Буни депутатлар томонидан кўтарилган саволлар ҳамда билдирилган таклифларнинг “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуннинг иккинчи ўқишга киритилган матнида акс этгани билан изоҳлаш мумкин.

Хусусан, Қонунчилик палатаси депутати Абдурашид Абдуқодиров қонун лойиҳасининг биринчи ўқишдаги муҳокамалари чоғида янги жорий этилган Солиқ концепциясида бюджет ташкилотларига ягона ижтимоий тўлов ставкаси 25 фоиз, хусусий сектор учун 12 фоиз этиб белгиланганини таъкидлар экан, олий таълим муассасалари ҳам солиқ тўловчи сифатида ягона ижтимоий тўлов ставкасининг 25 фоизида тўлаб келаётганини айтганди.

Депутатнинг сўзларига кўра, олий таълим муассасаларининг қарийб 70 фоиз, баъзиларининг эса, 95 фоиз харажатлари контракт тўловлари маблағлари ҳисобидан шаклланади. Шу сабабли, мазкур маблағлар халқ тўлаган пулдан ушланиши эътиборга олинадиган бўлса, олий таълим муассасаларининг ягона ижтимоий тўлов ставкаси 12 фоизга туширилиши лозим.

Депутат томонидан кўтарилган ушбу масала Қонунчилик палатасида Молия, Олий таълим ва ўрта-махсус таълими вазирликлари ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ходимлари иштирокида “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида атрофлича ўрганиб чиқилди. Шундан сўнг, олий таълим муассасаларида ўзини-ўзи молиялаштириш тизими жорий этилишининг натижаларига қараб, уларда ягона ижтимоий тўлов миқдорини 12 фоиз этиб белгиланадиган бўлди.

Албатта, депутатнинг таклифи инобатга олингани яхши бўлди. Аммо шу ўринда яна бир мулоҳаза туғилиши табиий. Олий таълим муассасаларида ўзини-ўзи молиялаштириш тизими жорий этилишининг натижаларига қараб, уларда ягона ижтимоий тўлов миқдорининг туширилиши давлат солиқ ғазнасига тушумларнинг камайишига олиб келмайдими? Ҳукумат ва Молия вазирлиги нега бу таклифни осонликча қабул қилди экан?

Назаримизда, танганинг икки томони бўлгани каби, бундай муҳим масалани ҳам ҳар тарафлама чуқур ўйлаб кўрмоқ фойдадан холи эмас. Бироқ ҳар не бўлганда ҳам, депутат талаби билан ўзини ўзи молиялаштириш натижаларига кўра, олий ўқув юртлари учун ягона ижтимоий тўлов миқдори 12 фоиз этиб белгиланганини парламент аъзоларининг амалий ютуқларидан бири сифатида қабул қилсак арзийди.

| 41 22.11.2019



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг