Сенаторлар пойтахт туманларида инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши жараёни билан танишдилар

2019 йил 11-18 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси, Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси аъзолари Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Чилонзор, Олмазор, Бектемир, Миробод ва Мирзо Улуғбек туманларида бўлдилар.

Ташриф доирасида сенаторларнинг туман ҳокимликлари инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича масъуллари билан учрашувлари бўлиб ўтди. Муҳокамалар чоғида  туманларнинг 2019-2020 йиллардаги инвестиция салоҳиятига оид маълумотлар кўриб чиқилди. Уларга кўра, туманларда қайд этилган даврда 150 га яқин лойиҳа амалга оширилиши, бунинг натижасида 15 мингдан зиёд иш ўринларини яратиш режалаштирилган. Шундан келиб чиқиб, сенаторлар ҳудудлардаги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши, ишлаб чиқариш жараёнлари, тадбиркорларнинг истиқболли таклифлари билан танишдилар.

Хусусан, Юнусобод туманида умумий қиймати 20,0 млрд. сўмлик табиий ўсимлик материалларидан доривор препаратлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Central Asian Research and Production Centre of Biologically Active Compounds” хорижий корхонасига қарашли завод лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шунингдек,  умумий қиймати 23,4 млрд. сўмлик замонавий меҳмонхона қуришга мўлжалланган “Madina-Muxlisa-Mubina” МЧЖга қарашли ҳудудда қурилиш ишлари жадал олиб борилаётганлиги қайд этилди.

Чилонзор туманида ҳам инвестиция дастурига биноан бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Тошкент шаҳридаги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудида умумий қиймати 290, 5 млрд. сўм бўлган “Startgate Systems” МЧЖга қарашли замонавий ва юқори технологияли маданий ва кўнгилочар маскан қурилиши шулар жумласидан.

Олмазор туманида эса сенаторлар “Сой бўйи "RIVER PARK” сайилгоҳида олиб борилаётган қурилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишдилар. Шунингдек, Олмазор коворкинг маркази, умумий қиймати 83,0 млрд. сўмлик “Napa team” МЧЖга қарашли ахборот технологиялари технопарки каби лойиҳаларнинг амалга оширилишини кўздан кечирдилар.

  Бектемир туманида  "Energo Systema Nva" МЧЖ ХКга қарашли паст ва юқори волтли кучланиш электрон ускуналари ишлаб чиқарадиган корхона фаолияти сенаторларнинг диққат марказида бўлди.

Шунингдек, Миробод туманидаги яна бир улкан лойиҳа - замонавий “Daniel Hill Hotel” меҳмонхонаси билан танишдилар.

Ташриф якунлари бўйича инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун туманлар ҳокимликлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари белгилаб олинди.


Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 3393 20.04.2019



×
Портал харитаси