Президентимизнинг БААга ташрифи ҳақида хорижий ОАВда юздан зиёд материаллар эълон қилинди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Араб Амирликларига амалга оширган расмий ташрифи дунё оммавий ахборот воситалари, хусусан, араб масс-медиасида кенг ёритилди.

Биргина маҳаллий газеталар, радио ва телевидение, сайтларда мазкур ташриф билан боғлиқ юздан зиёд мақолалар, лавҳалар, радиоэшиттиришлар тайёрланди. Белгиланган учрашувлар, музокаралар, келишувлар, экспертларнинг фикрича, жуда самарали кечган.

Мамлакатдаги нуфузли “Dubai TV” телеканали шарҳ­ловчилари Ўзбекистон раҳбарининг БААга ташрифини тарихий дея баҳолаб, бу икки давлат ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги бос­қичга олиб чиқишга туртки беришини қайд этди.

“Абу-Даби шаҳридаги “Қаср ал-Ватан” саройида бўлиб ўтган учрашувда ­Президент Шавкат Мирзиёев ва Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён иқтисодиёт, инновация, савдо, молия, туризм ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик қилиш ҳамда тажриба алмашиш икки томон учун манфаатли эканини таъкидлади. Ўзбекистонда кейинги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг инвес­тициявий, иқтисодий ва маданий имкониятларини оширишга хизмат қилмоқда” де­йилади телеканал хабарида.

Айтиш жоизки, “Dubai TV” телеканали нафақат араб ­дунёси давлатлари, шу билан бирга, ­Австралия, Европа, Шимолий Америкада ҳам миллионлаб томошабинларига эга.

Яна бир марказий телеканал — “Abu Dhabi TV”да эса расмий ташриф доирасида имзоланган ҳужжатларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилади. Томонлар келишувига биноан, БААда Ўзбекистоннинг янги элчихонаси бунёд этилиши учун ер ажратилади. Шунингдек, икки давлат ташқи ишлар вазирликлари 2019 — 2021 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури доирасида ишларни давом эттиради.

Шунингдек, инвестициялар, молия, муқобил энергетика, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, божхона маъмурчилиги, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик бўйича имзоланган ҳужжатлар алмашилди. Умуман, ташриф доирасида умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишувларга эришилди.

Абу-Дабидаги машҳур “The National” газетаси мухбири Ўзбекистон етакчисининг шайх Зоид бин ­Султон Ол Наҳаён мақбараси ва масжидини зиёрат қилгани ҳақида ҳам тўхталди.

Таъкидланишича, шайх Зоид бин Султон Ол Наҳаён БААнинг биринчи Президенти ҳисобланиб, у 2004 йили ўзи қурдирган мазкур масжид ёнида дафн этилган.

Газетада Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг “Твиттер” ижтимоий тармоғида ёзиб қолдирган хабарига ҳам эътибор қаратилган. Унда ёзилишича, Шавкат Мирзиёевнинг БААга ташрифи турли соҳаларда ҳамкорлик қилишда янги саҳифани очади.

Араб тилидаги етакчи нашр — “Al Bayan” газетасида ташриф доирасидаги тадбирлар таҳлилга бой мақолалар билан мунтазам ёритиб борилди. Улардан бирида “Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш чуқур маъно-мазмунга эга. Президент Мирзиёевнинг БААга илк ташрифи икки мамлакат ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳидаги ҳамкорликни ривожлантиришга асос бўлади” дейилади.

Газета мухбири Ўзбекис­тонда туризмни ривожлантириш соҳасида амалга оширилаётган ташаббусларни алоҳида эътироф этиб, бунда сайёҳларга виза олишда қулайликлар яратилаётганига тўхталади. “Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг яқинда имзоланган ­тегишли ҳужжатига мувофиқ, Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун Ўзбекистонга боришга визасиз режим жорий қилинди. Бу мамлакатга зиёрат туризми йўналишида арабларнинг боришини кескин ошириши, шубҳасиз” дейилади мақолада.

БААдаги энг нуфузли, ярим асрлик тарихга эга “Al-Ittihad” газетаси ва унинг интернетдаги расмий сайтида ташрифга доир ўндан зиёд материаллар эълон қилинди. Улар орасида савдо, иқтисодий ҳамкорлик бўйича чоп этилган таҳлилий мақола алоҳида эътиборга лойиқ.

“Жорий йил 12 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон — БАА ҳукуматлараро комиссиясининг учинчи йиғилиши натижалари ижобий баҳоланди. Ҳукуматлараро комиссия олдига яқин йилларда ўзаро савдо айланмаси ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш, бунинг учун товар етказиб беришни кўпайтириш, хом ашёни қайта ишлаш ва қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ­ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш вазифаси қўйилди.

Икки мамлакат ўртасида туризм соҳасида ҳам улкан салоҳият бор. Амирликлар аҳолиси Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, шунингдек, бу ерда етишиб чиққан ҳамда ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломалар мақбараларини зиёрат қилишдан манфаатдор. Маълумотларга кўра, 2018 йилда БААдан Ўзбекистонга борган саёҳатчилар сони 1,5 баробар ўсган” дейилади “Al-Ittihad” газетасида.

Анвар МИРЗАЕВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.

| 3514 27.03.2019



×
Портал харитаси