Содиқ Сафоев: "Германияга ташриф давомида ҳеч қачон кузатилмаган ҳодиса рўй берди"

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев “Халқ сўзи“га берган интервьюси чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига амалга оширган расмий ташрифи, унинг аҳамияти ташрифнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтди.

“Президентимиз ташрифи арафасида бутун Германияни Ўзбекистон ҳафталиги шукуҳи қамраб олди, десак, муболаға бўлмайди. Хусусан, ўндан зиёд йирик сиёсий, иқтисодий, маданий тадбирлар уюштирилди. Уларда бир ярим мингдан ортиқ германиялик ҳамкорларимиз иштирок этди. Биз шунга гувоҳ бўлдикки, бугунги Ўзбекистонга ҳурмат, қизиқиш ва интилиш ниҳоятда катта.

Ҳеч қачон кузатилмаган ҳодиса рўй берди. Гап шундаки, Ўзбекистон — Германия бизнес форуми чоғида барча келган меҳмонларга жой топа олмай қолдик. Қўшимча стулларни қўйишга тўғри келди. Бу, албатта, қизиқиш катталигидан дарак. Бизнес форуми натижасида саккиз миллиард евро миқдорида иқтисодий келишувларга эришилди. Бу ҳам ташрифнинг ниҳоятда самарадорлигини кўрсатади. Германиянинг етакчи иқтисодий ташкилотларидан бири — Иқтисодиётнинг шарқий қўмитаси раҳбарияти таъкидлаганидек, икки томонлама муносабатлар ҳеч қачон бугунги кун кабидек бўлмаган. Бунга асосий сабаб Ўзбекистоннинг янгиланган ички ва ташқи сиёсатидир.

Германиянинг ислоҳотларни амалга оширишда тажрибаси катта. Тарихга назар солсак, бу мамлакатнинг ўз вақтида таркибий бирлашиш жараёни жуда мушкул ўтган. Шу сабаб бошқа давлатлардан ­фарқли ўлароқ, Германия сиёсатчилари сиёсий, иқтисодий ўзгаришларнинг қанчалик мушкулли­гини, инсонларнинг бозор иқтисодиётига ўтаётгандаги менталитети билан боғлиқ муаммоларни чуқур тушунади. Музокаралар давомида улар қайта-қайта Ўзбекистондаги ислоҳотлар қанчалик барқарор, ­орқага қайтмайдиган тус олганлигига қизиқиб, бу бўйича ўз тажрибасини алмашишга тайёрлигини билдирди. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг Бундестаг Раиси Вольфганг Шойбле билан суҳбати ­чоғида шу жараёнлар чуқур таҳлил этилди“, дея гапириб ўтди Сафоев.

| 3454 24.01.2019



×
Портал харитаси