“Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди

“Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир”, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак”. Президент Шавкат Мирзиёевнинг эл-юртимиз қалби ва онгидан чуқур жой олган бу сўзлари бугун мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқларда амалга оширилаётган туб ўзгариш ва ислоҳотларни ҳаракатлантирувчи қудратли кучга, таъбир жоиз бўлса, уларнинг ғоявий ўзагига айланди. Халқимизнинг ҳаётий талаб ва эҳтиёжларини таъминлаш, одамларимизни рози қилиш йўлидаги залворли ишлар айнан ана шундай эзгу ва ҳаётбахш ғоялар асосида олиб борилиб, тобора янги маъно ва мазмун билан бойиб бормоқда. Бундай тарихий ўзгаришлар силсиласида халқ билан мулоқот қилиш, мурожаатлар билан ишлаш бўйича тамомила янги тизимга асос солингани, халқаро миқёсда ноёб тузилма сифатида кенг эътироф этилаётган Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари институти яратилгани шубҳасиз марказий ўринлардан бирини эгаллайди.

        2019 йил 17 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Халқ қабулхоналари халқимизнинг неча йиллик орзу-армонларини ушалтириш мақсадида ташкил этилгани боис эл-юртимиз ҳаётидан, мамлакатимизда кечаётган янгиланишлар жараёнидан тез фурсатда ўзининг муносиб ўрнини топиб, ҳар бир ҳудуд ва соҳадаги реал манзарани, асл ҳолат ва мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда ҳал қилиш йўлида янги ғоялар, амалий таклиф ва ташаббуслар юзага келадиган, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқиладиган марказларга айланиб бормоқда.

Ўтган даврда Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ёрдамида 2 миллион 500 мингдан зиёд киши ўзини қийнаб келаётган муаммоларга ечим, ўйлантираётган саволларга жавоб топгани уларнинг халқимиз мушкулини осон, оғирини енгил қилиш, жамиятимизда адолат тамойилларини мустаҳкам қарор топтиришда амалий аҳамияти нақадар юқори бўлаётганини яққол кўрсатади.

Бир сўз билан айтганда, Халқ қабулхоналари давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, мурожаатлар қонуний ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлашда самарали механизмга айланиб, амалда ўзини тўла оқлади. Албатта, ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Замон билан ҳамқадам бўлиш, керак бўлса, ундан бир қадам илгари одимлаш – бугунги кун талаби. Шу маънода, биз яшаётган ҳозирги шиддатли давр, олдимизга қўйган улкан мақсадлар барча соҳаларда бўлгани каби мазкур муҳим йўналишда ҳам ўтган қисқа даврда орттирилган ижобий тажрибаларни янада такомиллаштириш, уни мазмун жиҳатидан ривожлантиришни талаб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида ана шу долзарб масалага алоҳида тўхталиб, Халқ қабулхоналари фаолиятида мутлақо янги тизимга – сифат жиҳатидан янада юксак босқичга ўтилиши ҳақида маълум қилган эди. Мана, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан давлатимиз раҳбарининг давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг фуқаролар билан бевосита ишлашга ўтишини, уларнинг халққа, жумладан, тадбиркорлик субъектларига яқин кўмакчи бўлишини, Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.


                                                                                                                                                                                    ЎзА

| 4098 17.01.2019



×
Портал харитаси