Давлат божхона хизмати: ҳуқуқбузарликка йўл қўйилмайди

Давлат чегарасидан ўтар экансиз, албатта, божхона ходимлари билан мулоқотга киришасиз. Божхоначилар текшируви сафарларнинг ажралмас бўлагига айланган. Бу ҳолат импорт ёки экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорларга ҳам яхши таниш.

Давлат чегарасидан ўтар экансиз, албатта, божхона ходимлари билан мулоқотга киришасиз. Божхоначилар текшируви сафарларнинг ажралмас бўлагига айланган. Бу ҳолат импорт ёки экспорт билан шуғулланувчи тадбиркорларга ҳам яхши таниш.

Очиғи, божхона тизими узоқ йиллар мобайнида мамлакатимиздаги оғриқли соҳалардан бири бўлиб келди. Тизимнинг шаффоф эмаслиги, ортиқча бюрократия, божхона назорати ва расмийлаштирувининг мураккаб тартиб-таомиллари юртдошларимиз, айниқса, тадбиркорларнинг фаолиятига ғов бўлди, бу эса иқтисодий салоҳиятимизга ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Божхона органлари ходимлари ўртасидаги коррупциявий ҳуқуқбузарлик ва хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг кўплаб учраб туриши, аҳолининг ушбу соҳа ходимларига нисбатан ишончини сусайтириб қўйди. Натижада юртимиз ҳудудига хорижий давлатлардан маҳсулотларни турли айланма йўллар билан олиб кирувчилар кўпайди.

Президентимизнинг жорий йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳада тўпланиб қолган кўплаб муаммоларни ҳал қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Мазкур ҳужжат янги технологиялар тараққий этаётган бугунги кунда божхона назоратини амалга оширишнинг замонавий шакллари, инновацион услублари ва техник воситаларини татбиқ этиш, божхона назорати вақтини максимал даражада қисқартириш, барча таркибий тузилмаларнинг фаолияти ва идоралараро ахборот алмашинуви самарадорлигини ошириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида кенг имкониятлар беради.

Ҳар қандай соҳада бўлгани каби божхона тизимини ҳам, аввало, ҳуқуқий жиҳатдан ислоҳ қилиш талаб этилади. Чунки ҳуқуқий асос — бирламчи ва таянч нуқтадир. Бу ҳолатда божхона хизматининг мақоми, фаолият доирасини аниқ белгиловчи, замонавий услубларда ишлаши учун шароит яратиб берадиган, соҳада ҳар қандай шаклдаги ҳуқуқбузарликлар содир этишга имконият қолдирмайдиган, халқчил қонунга эҳтиёж мавжуд эди. Шу боис, “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Мазкур ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишда Германия, Франция, АҚШ, Корея Республикаси, Япония, Россия Федерацияси каби давлатларнинг қонунчилиги ўрганилди, таҳлил қилинди.

Қонун тўғридан-тўғри амал қилувчи, ижро механизмларга эга, бошқа қонуности ҳужжатларини талаб этмайдиган янгича шаклдаги ҳужжат бўлди. Унга мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонун билан муҳофаза этиладиган манфаатларини ҳимоялаш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш, қонун ҳужжатлари бузилишлари, жумладан, контрабанданинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бунга чек қўйиш Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизматининг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Шу билан бирга, божхона органларининг ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқаролар ҳуқуқий маданиятини ошириш, хавфни бошқариш тизими самарадорлигининг мунтазам мониторингини амалга ошириш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ва назоратнинг техник воситаларини қўллаш, божхона ишини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг устувор йўналишларини ишлаб чиқиш каби янги вазифалари ҳам мустаҳкамланди.

Ўз навбатида, ташқи савдо операцияларининг мониторингини амалга ошириш, экспорт-импорт шартномаларининг ижросини таҳлил қилиш, шунингдек, ташқи савдо операцияларининг божхона органларига тааллуқли қисмини ўтказишда валюта тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этиш, товарларнинг ташқи савдосига доир божхона статистикасини ҳамда ташқи иқтисодий фаолиятнинг товар номенклатурасини юритиш масалалари аниқ белгилаб берилди.

Яна бир муҳим жиҳатга тўхталиб ўтиш жоиз. Ҳар қандай тизимнинг мукаммал ва самарадор ишлашида кадрлар муҳим ўрин эгаллайди. Етарли шароит ва имтиёзлар яратилса, ходимга муносиб маош тўланса, ижтимоий жиҳатдан ҳимояланса, у ҳам шунга яраша ишлайди. Шу маънода, божхона ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш масаласи ҳам Қонунда алоҳида эътиборга олинди.

Унда ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хизматни ўташнинг батафсил тартиби ва шартлари аниқ белгилаб берилди. Ходимларни хизматга қабул қилиш, махсус унвонлар бериш, бу унвонларни пасайтириш ва улардан маҳрум қилиш, ходимларни тайинлаш ва озод этиш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, уларга таътиллар бериш, хизмат муддатини узайтириш, хизматдан бўшатиш ва хизматга тиклаш, хизматни ўташ режими ҳам кўрсатиб ўтилди. Аввалги Қонундан фарқли равишда, божхона хизмати органлари ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари аниқ мустаҳкамланди.

Умуман айтганда, мазкур Қонун божхона соҳасидаги ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим ўрин тутади. Юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, божхона тизимининг қонуний, очиқ ва шаффоф тарзда фаолият юритишига хизмат қилади.

 

Раҳимжон ҲАКИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик
масалалари қўмитаси раиси

| 4122 22.10.2018



×
Портал харитаси