Фарғона: давлат хизматларини такомиллаштириш йўлида

2018 йил 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ва халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси тизимида аҳолига давлат хизматлари кўрсатилиши ҳолатини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

 

Тадбирда сенаторлар, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги мутасаддилари, вазирлик ва идоралар вакиллари, халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгаши депутатлари, ҳокимликлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси тизими фаолияти таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ўтган 9 ой давомида Марказлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари қарийб 300 минг маротаба кўрсатилган.

Ушбу хизматларнинг энг кўпи электрон рақамли имзо калити олиш (105 минг ёки 38 фоиз), болаларни мактабгача таълим муассасаларига жойлаштириш (80 минг ёки 29 фоиз) ва фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш (30 минг ёки 11 фоиз) хизматларига тўғри келмоқда.

Давлат хизматлари агентлигининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган 6 мингдан ортиқ учрашув ўтказилган, вилоят ҳудудига “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” шиори остидаги 116 та плакат, 15 та баннер жойлаштирилди ва 254 мингдан ортиқ буклет ва флаер (кўргазмали тарғибот материаллари) тарқатилган, вилоятдаги мавжуд 1028 та маҳалла фуқаролар йиғини биноларига ҳамма кўриши мумкин бўлган жойларда марказлар орқали кўрсатиладиган хизматлар, маҳаллаларга бириктирилган масъул ходимлар ва улар томонидан ўтказиладиган сайёр қабуллар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилган “Адлия бурчаклари” жойлаштирилган.

Давлат хизматлари агентлигининг Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан давлат хизматларини кўрсатувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахслари томонидан давлат хизматларини кўрсатиш тартибига риоя этилиши устидан самарали назорат ўрнатилган.

Мисол учун, ўтган давр мобайнида масъул давлат органларига жами 16 та маъмурий таклиф, 20 та тақдимнома ва 36 та огоҳнома киритилган ҳамда 10 нафар шахсга нисбатан бевосита маъмурий жарима қўлланилган.

Шу билан бирга, мажлисда аҳолига тезкор ва сифатли давлат хизматларини кўрсатишга тўсқинлиқ қилаётган айрим тизимли хато-камчиликлар ҳам мавжудлиги қайд этилди.

Жумладан, Фарғона вилоятидаги Марғилон шаҳар, Бувайда, Ёзёвон, Қува, Олтиариқ, Риштон ва Учкўприк туманлари Давлат хизматлари марказлари биноларининг бугунги ҳолати ташриф буюрувчи аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда талабларга жавоб бермайди, аҳоли учун қулай кутиш жойлари, қариялар ва ногиронлар учун махсус ўриндиқлар, она ва бола хоналари каби қўшимча қулайликларга эга эмас.

Бу эса, узоқ кутишлар, асоссиз навбатлар, пировардида эса, аҳолининг асосли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар сони босқичма-босқич ортиб бораётганлигини (2020 йилдан бошлаб 160 га яқин хизмат кўрсатилади) инобатга олсак, жойлардаги туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан бу масалага етарлича эътибор қаратилмаяпти, жумладан, кунига 3000 нафаргача кишига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган бинолар билан таъминланмаяпти.

Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизматлар бўйича идоралараро электрон ахборот алмашинувини таъминлашга доир ишлар ҳам  Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ергеодезкадаст” давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси каби вазирлик ва идоралар томонидан лозим даражада амалга оширилмаяпти.

Муҳокамалар жараёнида сенаторлар томонидан мазкур тизимда мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар берилди, ушбу йўналишдаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш юзасидан Қўмита қарори қабул қилинди.
 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

 

| 3740 02.10.2018



×
Портал харитаси