Экстремизмга қарши курашишда, аввало, қонун устувор бўлади

2018 йил 26 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан «Экстремизмга қарши курашишнинг қонунчилик асослари» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. 

                                   Экстремизмга қарши курашишда, аввало,  қонун устувор бўлади

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давлат суверенитетини, хавфсизлигини, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, қонун устуворлиги ва суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш учун зарур шароитларни яратишда асосий омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, Ҳаракатлар стратегияси негизида хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида ислоҳотларнинг қонунчилик асосларини такомиллаштиришга катта аҳамият берилди. Бу борада биргина 2018 йилнинг ўзида иккита йирик ҳужжат – “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Экстремизмга қарши курашиш Конвенциясини (Остона, 2017 йил 9 июнь) ратификация қилиш тўғрисида”ги ва “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.

Давра суҳбатида дунёнинг турли минтақаларида халқаро терроризм ва экстремизмнинг янги таҳдидлари пайдо бўлаётган бир шароитда бу борадаги профилактик фаолиятни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг биринчи даражали вазифаси сифатида янада кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди. Мазкур тадбирдан кўзланган асосий мақсади ҳам аслида Ўзбекистон томонидан қабул қилинган экстремизмга қарши курашишга доир қонун ҳужжатлари, ушбу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, чора-тадбирлар, экстремизмга қарши курашувчи субъектлар ва уларнинг асосий вазифалар, экстремизм билан шуғулланганлик учун жавобгарлик каби масалалар юзасидан фикрлар алмашиши экани диққатга моликдир.

Қайд этилганидек, хавфсизликка таҳдид солувчи вазиятларни бартараф этишга йўналтирилган тизимли саъй-ҳаракатлар доирасида мамлакатимизда экстремизм таҳдидининг олдини олиш, унга қарши курашишга қаратилган қонун ҳужжатлари соҳада кўзланган мақсадларга эришишда муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, жорий йилда парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасида “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни ишлаб чиқиш чоғида экспертлар ва мутахассислар иштирокида кенг кўламли иш бажарилгани бунга яққол мисолдир.

                 

Ушбу Қонун Президентимизнинг 2017 йил 15 июндаги Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги конвенцияси ижросини таъминлашга дир фармойиши доирасида ишлаб чиқилган бўлиб, унинг асосий вазифалари экстремистик ҳаракатлардан шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлаш, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни сақлашга қаратилган.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, ушбу ҳужжат, энг аввало, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашга, конституциявий тузумни ва давлатнинг ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг тинчлиги, миллатлараро ҳамда конфессиялараро тотувликни сақлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, экстремистик ҳаракатларнинг ўз вақтида олдини олиш, аниқлаш, уларга чек қўйишга, шунингдек, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини таъминлаш ҳамда умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартларни амалга оширишга кўмаклашади.

                 

Мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тегишли давлат ташкилотлари қаторида фуқаролик жамияти институтларининг ҳам экстремизм ва терроризмга қарши курашиш борасидаги профилактик тадбирларининг аҳамияти ошиб бормоқда. Айниқса, ёт ғоялар, ҳозирги замон таҳдидларига қарши самарали курашишни ташкил этиш, ёшларни дин ниқобидаги мафкуравий хатарлардан сақлаш ва бошқа долзарб масалаларнинг ҳуқуқий тартибга солинаётгани, қонунчилик базаси мустаҳкамланаётгани унинг нечоғли долзарблигини тасдиқлайди.

Иштирокчилар фикрича, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада такомиллаштириш мамлакатимизнинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти, керак бўлса, кафолатидир.

Давра суҳбати якунида экстремизмга қарши курашишга доир Қонуннинг мазмун-моҳиятини ижрочиларга, кенг аҳоли қатламларига етказиш борасида усувор вазифалар белгиланди. Ушбу йўналишда мунтазам равишда фикр алмашиш майдонини яратишга келишиб олинди.

| 3763 26.09.2018



×
Портал харитаси