Ўзбекистон парламенти делегацияси ХХРда амалий учрашувлар ўтказмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Cпикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги мамлакатимиз парламенти делегацияси  Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раиси Ли Чжаньшунинг таклифига биноан, айни кунларда Хитой Халқ Республикасида бўлиб турибди.

Таъкидлаш лозимки, Хитой Халқ Республикаси мамлакатимиз ҳамкорлари орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Тарихий нуқтаи назардан қисқа давр мобайнида мамлакатлар ўртасида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг кенг доираси бўйича доимий равишда очиқ ва самарали сиёсий мулоқотлар олиб борилмоқда. Уларнинг асосини олий даражадаги, жумладан, ШҲТ саммитлари доирасидаги муносабатлар ташкил этади.

Ташрифнинг илк кунида делегациямиз аъзолари бир қатор учрашувлар ўтказди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси делегацияси ва Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раиси Ли Чжаньшу ўртасида кечган мулоқотда сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалар қатори Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги парламентлараро муносабатларнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига тааллуқли масалаларга эътибор қаратилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан, 2017 йил май ойида Хитойга амалга оширган давлат ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш билан бирга, барча соҳадаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Ташриф давомида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражадаги 100 дан зиёд ҳужжат имзолангани, эришилган келишувлар доирасида умумий қиймати 23 миллиард АҚШ долларидан ортиқ кўплаб сармоявий лойиҳалар айни пайтда амалга оширилаётгани икки давлат ўртасидаги муносабатлар янада амалий кўриниш олганини англатади. 

Қайд этилганидек, ҳозирги вақтда ўзбек-хитой муносабатлари кенг қамров касб этиб, имкониятлари ортиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, иккала мамлакатга ҳам парламентлараро алоқалар, шунингдек, сиёсий, иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича тўпланган тажрибани янада бойитиш ҳамда уни ҳаётга татбиқ этган ҳолда, муносабатларни янги поғонага кўтариш имконини беради.

Парламентимиз делегациясининг Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши доимий қўмитаси раисининг ўринбосари Ван Чэн билан бўлиб ўтган мулоқотида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги алоқалар кўплаб йўналишлар қатори парламентаризм соҳасида ҳам изчил ривожланиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой қонун чиқарувчи олий органлари ўртасидаги муносабатларнинг бугунги аҳволи ва истиқболига доир масалалар муҳокама қилинди. Икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги фаолияти бўйича тажриба алмашишга оид масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Шунингдек, делегация аъзоларининг Хитой халқ сиёсий маслаҳатлашув кенгаши Бутунхитой қўмитаси раиси Ван Ян билан бўлиб ўтган учрашувида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик, ишонч ва ҳурмат тамойилларига асосланган муносабатлар барча соҳаларда изчил ривожланиб бораётгани қайд этилди. Бунда икки мамлакат раҳбарларининг ўзаро қатор масалаларга ёндашуви, шу билан бирга, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар борасидаги қарашлари ўхшаш ва яқин экани муҳим омил бўлаётгани айтиб ўтилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегациясининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи давомида яна бир қатор муҳим учрашувлар ўтказилиши, парламентаризм борасидаги алоқаларни кучайтириш, мамлакатларимиз ўртасидаги манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган мулоқотлар ташкил этилиши кутилмоқда. 

| 3696 19.09.2018



×
Портал харитаси