Етим болалар ҳуқуқлари қандай таъминланади?

2018 йил 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида “Республикамизда Меҳрибонлик уйларида таълим-тарбия олаётган вояга етмаганларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, етим болаларнинг яшаш ва таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида халқ таълими вазирлигининг ахбороти юзасидан ўтказилган қўмита эшитувида ушбу масала муҳокама марказида бўлди.

                    Етим болалар ҳуқуқлари қандай таъминланади?

Юртимизда бола ҳуқуқларини таъминлашда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, етим болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусан уларнинг таълим олиши, соғлиғини сақлаш, ҳаётга мослашишига ҳуқуқий шароит яратиш бўйича алоҳида қонун қабул қилинмаган. Шу боис айрим ҳолатларда етим, ота-она қарамоғидан мосуво болаларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, ҳаттоки уй-жойга эга бўлишга доир ҳуқуқларини таъминлаш масаласи долзарб ҳисобланади.

2018 йил 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида “Республикамизда Меҳрибонлик уйларида таълим-тарбия олаётган вояга етмаганларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, етим болаларнинг яшаш ва таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар” мавзусида халқ таълими вазирлигининг ахбороти юзасидан ўтказилган қўмита эшитувида ушбу масала муҳокама марказида бўлди.

Эшитувнинг аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда унга Халқ таълими, Адлия вазирликлари, Вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссия вакиллари, Болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш ассоциацияси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, Меҳрибонлик уйлари мутахассислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф қилинди.

Қайд этилганидек, бугун мамлакатимиз аҳолисининг салкам 48 фоизини 18 ёшгача бўлган болалар, 64 фоизини эса, 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Шу сабабли, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналиши болалар ва ёшларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ривожланиши учун қулай, энг яхши шароитларни яратишдан иборатдир. Шунингдек, кўп болали оилаларни, етим, оила муҳитидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Тўғри, 1992 йил 9 декабрда, яъни Конституциямиз қабул қилинган куннинг эртасигаёқ “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенция Ўзбекистон қўшилган инсон ҳуқуқларига оид дастлабки халқаро ҳужжатлардан бири бўлди. Бу эса, ўз навбатида, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинишига асосий туртки берди. Ўтган давр мобайнида соҳага доир муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга оид бошқа бир қатор қонунлар қабул қилиниши, қолаверса, бола ҳуқуқларини таъминлаш, ҳимоя қилиш учун зарур ҳуқуқий ва ташкилий шароитлар яратиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айлангани диққатга моликдир.

Бола ҳуқуқларини таъминлашда сўнгги йилларда Президентимизнинг қатор Фармон ва қарорлари ҳам қабул қилиниб, соҳалар кесимида ижрога қаратилди. Жумладан, таълим тизимида янги таълим, 11 йиллик умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги, касб-ҳунар таълимининг 11 йиллик база негизида қабул қилиниши, интеллектуал болаларнинг ихтисослаштирилган таълим муассасалари, касб-ҳунар таълимининг ихтиёрийлиги, олий таълимда квоталанган ўринларнинг жорий этилиши, энг муҳими, мактабгача таълим тарбиянинг алоҳида йўналишда белгиланиши учун самарали механизм яратиб берилди.

Бироқ фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини, шу жумладан, аҳоли билан тўғридан-тўғри ва очиқ мулоқотлар шуни кўрсатмоқдаки, жойларда ёшлар ҳуқуқлари, айниқса, бола ҳуқуқларини таъминлаш борасида бир қатор муаммолар кузатилаётгани қайд этилди.

Эшитувда депутатлар ана шундай муаммоларни ўртага ташлади. Хусусан, депутатлар ўрганишларда Тошкент шаҳрида 2017-2018 йиллар давомида уй-жойга муҳтож бўлган етим болаларнинг 118 та аризаси рўйхатга олингани, шундан 50 нафари бугунги кунга қадар ҳал этилмаганига эътибор қаратдилар. Тошкент вилоятида ўтган йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож 17 болага уй-жой ажратишда муаммо юзага кеган, қолган вилоятларда ҳам 10 дан зиёд аризалар келиб тушган. Турар жойга муҳтожлар республиканинг барча ҳудудларида ҳисобга олинган бўлишига қарамасдан, Андижон, Жиззах, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларида 2017 йилда бирорта ҳам шахс турар-жой билан таъминланмагани таажжубли. Турар-жойга муҳтожларнинг энг катта кўрсаткичи Тошкент шаҳри ҳиссасига (235 нафар) тўғри келса, кейинги ўринларда Тошкент (81 нафар), Навоий (73) вилоятлари қайд этилган.

Шунингдек, депутатлар томонидан жойлардаги ўрганишларда “Меҳрибонлик уйлари” фаолияти аксарият ҳолларда ташқаридан келаётган текширувчилар учун тайёрланаётгани, айрим муассасасаларда педагогик фаолиятнинг тўғри йўлга қўйилмагани, болаларнинг назоратсиз қолиши кузатилган.

Эшитувда депутатлар ва турли соҳа вакиллари Меҳрибонлик уйларида таълим олаётган вояга етмаган ва етим болаларнинг яшаш ҳамда таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган аниқ ишлар тўғрисида алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Эшитув якунида соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

| 4022 15.09.2018



×
Портал харитаси