Адлия вазири: “Ходимларимиз қўлини кўксига қўйиб хизмат қилиши шарт”

Айни пайтда жойларда 200 адлия бўлими фаолият юритмоқда. Хўш, бу бўлимлар ишидан аҳоли розими? 

 

                                                      Адлия вазири: “Ходимларимиз қўлини кўксига қўйиб хизмат қилиши шарт”

 

 

Адлия вазирлигида айнан шу масалага бағишланган мажлисда адлия бўлимлари фаолияти таҳлил этилди.

 

Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган мажлисда вазирлик марказий аппарати, Корақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари раҳбарлари, туманлар ва шаҳарлар адлия бўлимлари ходимлари иштирок этди.

 

Қайд этилганидек, “Республика – вилоят – туман – маҳалла” принципи бўйича қонун ҳужжатлари ижрочиларга вақтида етказилмоқда. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, ҳуқуқни қўллашда бир хил амалиётни жорий қилиш ҳамда ҳокимларнинг қарорларини қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлиши таъминланаётир.

 

Адлия бўлимлари учун алоҳида бинолар ажратилиб, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Адлия бўлимларининг ишини тўғри ташкил этиш ҳамда ягона амалиётни шакллантириш мақсадида йўриқнома, янги ишни бошлаш бўйича қўлланмалар ва ҳужжатлар намуналари ишлаб чиқилиб, ходимларга етказилди. Аҳолига сифатли хизмат кўрсатаётган, ҳар томонлама ўрнак бўлган туман адлия бўлимларига 70 хизмат автомашинаси топширилди.

 

Ўз навбатида, адлия бошқармалари ва бўлимлари томонидан амалга оширилган ишлар, ходимларнинг билими, салоҳияти, қўйилган вазифаларнинг моҳиятини тушунганлиги, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлардан хабардорлиги ўрганиб борилмоқда.

 

Йиғилишда ўрганиш натижалари, адлия бўлимлари амалга ошираётган самарали ишлар билан бир қаторда улар фаолиятидаги мавжуд камчиликлар кўрсатиб ўтилди.

 

Жумладан, Сурхондарё вилоятининг Денов, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Андижон вилоятининг Марҳамат, Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани адлия бўлимлари қисқа вақт ичида ижобий натижаларга эришган.

 

Фаолиятида қўпол хато ва камчиликларга йўл қўйиб келаётган бўлимлар жиддий танқид қилинди. Камчиликларга йўл қўйган, ишига масъулиятсизлик билан ёндашган 28 нафар адлия бўлимларининг ходими (шундан 15 нафари туман адлия бўлимлари бошлиқлари) лавозимидан озод этилди.

 

Адлия бошқармалари томонидан юклатилган вазифалар ижросини таъминлашга ҳамда адлия бўлимларининг иш фаолиятини тўғри ташкил этишга, фаолиятини мувофиқлаштириб, уларга услубий раҳбарлик қилишга масъулиятсизлик билан қаралаётганлиги, баъзи ҳудудларда адлия бўлимларининг фаолияти ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги кўрсатиб ўтилди.

 

Фаолиятида камчиликларга йўл қўйганлиги учун ҳудудий адлия бошқармаларининг 25 нафар ходимига ҳайфсан эълон қилинди. 29 нафар ходим огоҳлантирилди.

 

Йиғилишда белгиланган вазифа ва топшириқларни ҳар бир ходим, вазирдан тортиб тизимдаги оддий ходимгача масъулиятни чуқур ҳис қилиши лозимлиги, бунда ҳеч ким, на раҳбар ёки оддий ходим четдан туриб кузатиб туришга ҳаққи йўқлиги, бунга йўл қўйилмаслиги, юклатилган вазифа ва топшириқларни виждонан бажариши шартлиги алоҳида таъкидланди.

 

Адлия вазири Р.Давлетов ҳар бир адлия ходими иш фаолиятида “фуқаролар адлия идоралари фаолиятидан рози бўлиши керак” деган тамойилга қатъий ва оғишмай амал қилиши шартлиги, адлия ходимлари халқимиз олдида доим қўли кўксида бўлиб хизмат қилиши лозимлигини алоҳида қайд этди. Зеро, ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши бугун қўйилаётган талаблардан биридир.

 

Йиғилиш якунида учраётган камчиликларни бартараф этишга оид зарур чора-тадбирлар белгиланди. 

 

Н.Абдураимова, ЎзА

| 147 10.09.2018



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг