Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришда Германия тажрибаси

Жорий йилнинг 3-4 сентябрь кунлари пойтахтимиздаги «Wyndham» меҳмонхонасида Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Фридрих Эберт номидаги жамғарма (Германия)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида норма ижодкорлиги соҳасида Германия тажрибасини ўрганишга бағишланган халқаро семинар ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепциясини амалга ошириш бўйича комиссия аъзолари, парламент палаталари девонлари ҳамда Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ходимлари, Фридрих Эберт номидаги жамғарма ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 8 августда имзоланган
«Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонида қонунчилик базасини тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, норма ижодкорлигида «ақлли тартибга солиш» модели элементларини қўллаш каби муҳим йўналишлар белгилаб берилган. Ушбу масалаларда юксак тараққий этган хорижий давлатларнинг қонунчилиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини чуқур ўрганишга алоҳида аҳамият қаратилган.

Мазкур халқаро семинар Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш Концепциясини ҳаётга татбиқ этишда Германия тажрибасини ўрганиш, унинг самарали ютуқларидан фойдаланиш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди.

Германия парламенти — Бундестаг ўзига хос қонунчилик мактабига
эга бўлган, «ақлли тартибга солиш» модели ҳамда тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар тайёрлаш ва энг муҳими, уларни самарали татбиқ этиш борасида катта тажрибага эга дунёнинг етакчи парламентларидан бири ҳисобланади. Бундестагда қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича юридик техника соҳасида ҳам катта тажриба тўпланган.

Жорий йилнинг июль ойида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳамда Германиянинг Фридрих Эберт жамғармаси ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик Меморандуми доирасида ташкил этилган семинарда Бундестагнинг Илмий хизмати раҳбари,
доктор Гвидо Хайнен ҳамда соҳа бўйича бир қатор германиялик олим ва мутахассислар маърузалар билан иштирок этдилар.

Семинарда норма ижодкорлиги бўйича Германия амалиёти, қонун ижодкорлиги ва парламент назоратини амалга оширишда Бундестаг Илмий хизматининг ўрни ва роли, парламент учун ахборот-таҳлилий материалларни тайёрлаш услублари, парламент девонининг асосий вазифалари каби бир қатор мавзуларда иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди. Бундан ташқари, қонунларни ишлаб чиқиш жараёнида замонавий ва инновацион усуллардан фойдаланиш бўйича хорижий тажриба ҳамда бошқа кўплаб долзарб масалалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Семинар очиқ мулоқот руҳида ўтди. Унда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

— Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами дунё ҳамжамиятида, жумладан Германияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, норма ижодкорлиги тўғрисидаги Концепциянинг қабул қилиниши ислоҳотлар самарасига ижобий таъсир кўрсатишига ишончим комил. Чунки, ислоҳотларни тартибга солишда норма ижодкорлиги маҳсули бўлмиш ҳуқуқий ҳужжатлар тамал тоши вазифасини ўтайди. Германия тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, сифатли ва халқчил қонунлар мамлакат тараққиётида ҳал қилувчи роль ўйнайди, — деди Германия Федератив Республикаси Бундестаги Илмий хизмати раҳбари, доктор Гвидо Хайнен.

— Бугунги семинарда Германия Федератив Республикаси Бундестагининг Илмий хизмати амалиётида қўлланаётган янгича усуллар, илмий-инновацион ёндашувлар ҳақида ҳам фикр алмашилди. Ўзаро жонли мулоқот тарзида ўтказилган семинар иштирокчиларнинг соҳага оид билимларини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз, — деди Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти директори ўринбосари Дониёр Тўраев.

| 275 04.09.2018



×
Портал харитаси
Диққат! Портал тест ҳолатида ишламоқда!
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг