Пойтахтнинг Учтепа туманини ривожлантириш муҳокама қилинмоқда

2018 йил 29 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, маҳалла раислари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

                                         

Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг ижроси доирасида барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари зиммасига Учтепа туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилган.  

Қўшма мажлисда масъул вазирлик ва идоралар ҳамда Тошкент шаҳар, Учтепа тумани ҳокимликлари раҳбарларининг Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотлари эшитилди, шунингдек туманда соғлом овқатланишни ташкил қилиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг аҳволи тўғрисидаги масала ҳам муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 15 августдаги “Тошкент шаҳрида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича экспериментни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ҳукумат, вазирликлар, идоралар ва шаҳар ҳокимлиги зиммасига пойтахтнинг инвестициялар жалб этувчанлигини ошириш бўйича қатор муҳим вазифалар юклатилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туманлар Кенгашларига Тошкент шаҳри ва туманлари ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан самарали депутатлик назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш масаласида кўмаклашиши ҳам назарда тутилган.

Туманда 4 та сектор кесимида Республика ишчи гуруҳи томонидан туманнинг 60 та маҳалласида уйма-уй юриш ҳамда ижтимоий ва бошқа соҳа объектларини ўрганиш натижалари асосида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича “Йўл харита”си ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда. Улар бандликни таъминлаш ва янги иш ўринлари яратиш, бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш, соғлиқни сақлаш, таълим, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш,  ободонлаштириш ва йўлларни таъмирлаш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш каби соҳаларга тааллуқлидир.

Мажлис иштирокчиларига 2018-2019 йилларда Учтепа туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига 130 та корхона, шу жумладан  59 та саноат ва 71 та хизмат кўрсатиш соҳасига оид корхоналар киритилгани, дастурнинг қиймати 145 млрд. 838 млн. сўмни ташкил қилиши,  1114 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилгани ҳақида ахборот берилди.

Бугун 61 та лойиҳа ишга туширилиб, 570 дан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди, умумий қиймати 45 млрд. сўмлик лойиҳаларнинг 148 млн. сўми инвестициялар сифатида киритилди.

                                      

Учтепа туманида 2018 йилда 6 корхона томонидан 15,6 млн. долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши кўзланган бўлиб, шундан 8,3 млн. доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир. Ҳозирги вақтда 4,2 млн.  доллар миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилган.

Вакиллик органлари фаолиятининг устувор йўналишларидан бири сифатида маҳалла ролини янада ошириш ҳамда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Обод маҳалла”, “Ёшлар келажагимиз”, “Ҳар бир оила – тадбиркор”, “Аҳоли бандлигига кўмаклашиш” каби давлат дастурларини татбиқ этиш вазифаларини бажаришга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, қўшма мажлисда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар тартибли ўтказилишини депутатлар ва кенг жамоатчилик томонидан назорат қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши томонидан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида бундай тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузиш тўғрисидаги қарорнинг мазмун-моҳияти, туманда намунали оилавий тадбирлар ўтказилишини ташкил этиш, ортиқча дабдабаликка, миллий қадриятларга зид маросимларга, номақбул одатларга йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида фикр юритдилар. 

Муҳокама қилинган масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгаши ва халқ депутатлари Учтепа туман Кенгашининг қўшма қарори қабул қилиниб, унда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ижросини парламент, депутатлар ва жамоатчилик томонидан назорат қилиш чоралари назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 151 29.08.2018



×
Портал харитаси
Диққат! Портал тест ҳолатида ишламоқда!
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг