Фуқаролар манфаати, юрт ривожини таъминлашга доир қонун лойиҳалари депутатлар муҳокамасида

Олий Мажлис Қонунчилик палатаснинг 7 август куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ислоҳотларнинг қонуний асосларини яратишга қаратилган, фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳалардаги манфаатларини таъминлашга доир бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

                        Фуқаролар манфаати, юрт ривожини таъминлашга доир қонун лойиҳалари депутатлар муҳокамасида


Тараққиётнинг бугунги босқичида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар изчиллигини ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш халқимизнинг орзу-истаклари рўёбининг муҳим кафолатидир.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаснинг 7 август куни бўлиб ўтган мажлисида депутатлар давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ислоҳотларнинг қонуний асосларини яратишга қаратилган, фуқароларнинг ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий соҳалардаги манфаатларини таъминлашга доир бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Депутатлар ўз ишларини “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимчалар ва ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокама қилишдан бошладилар.

Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 28 декабрдаги “Меҳнат фаолиятини амалга оширувчи айрим алоҳида тоифадаги пенсионерларга мақбул шароитлар яратиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонларига мувофиқ ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси билан киритилаётган қўшимчаларга кўра, алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга имтиёзли пенсиялар тайинлаш, шунингдек пенсиялар тўғри тайинлаш ва тўлаш борасида таркиб топган амалиёт янада такомиллаштирилмоқда. Хусусан, мазкур лойиҳага кўра, Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган рўйхатларга мувофиқ алоҳида тоифадаги I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга — эркаклар – иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар – иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда умумий белгиланган пенсия ёшини 5 йилга қисқартирган ҳолда имтиёзли шартларда ёшга доир пенсия тайинлаш кўзда тутилмоқда. Бундан ташқари, пенсионер бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг пенсиядан ортиқча тўланган суммаларни ундириш тўғрисидаги қароридан норози бўлганда, аниқланган қарздорликни суд тартибида ундириш тартиби белгиланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасида 12 июнь куни биринчи ўқишда қабул қилинган бўлиб, сиёсий партиялар фракциялари томонидан унинг нормаларини такомиллаштириш юзасидан бир қатор фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилган эди. Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳузурида тузилган ишчи гуруҳи томонидан лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида улар инобатга олингани маълум қилинди.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши алоҳида тоифадаги ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва муҳофазалаш ишларини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Шундан сўнг депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқдилар.

Таъкидланганидек, Давлат божхона хизмати ходимлари кунининг белгиланиши соҳа вакилларида рағбат уйғотиб, фаолиятида ишчанлик руҳини янада кучайтиришга, самарадорликни оширишга туртки беради.

Кейинги пайтда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар барча жиҳатларни, шу жумладан давлат божи миқдорини мақбуллаштириш ва суд харажатларини суд процессининг барча иштирокчилари ўртасида адолатли тақсимлаш масалаларини ҳам қамраб олган. Депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси бу борада фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат этишда давлат божи ставкалари камайтирилгани муносабати билан қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритишни назарда тутиши билан аҳамиятлидир.

Депутатларнинг фикрича, ушбу янгиликлар фуқаролик ишлари бўйича судларга, иқтисодий, маъмурий судларга даво аризалари киритилганда низоларнинг тааллуқлилигидан келиб чиқиб, бож ундириш объектларини алоҳида қилиб белгилашда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Мажлис кун тартибига биринчи ўқишда киритилган яна бир муҳим ҳужжат лойиҳаси адлия органлари фаолияти тизимлилиги даражасини ошириш, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг адлия органлари фаолияти устидан назорат ваколатларини кучайтириш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Ушбу қонун лойиҳаси мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида ишлаб чиқилган.

Депутатлар томонидан қайд этилганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Адлия вазирлигининг ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини оширишдаги ролини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Президентимизнинг 2018 йил 11 апрелдаги Фармонига мувофиқ, 2018 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг айрим турлари, жумладан, устав фондида давлат улуши бўлган корхоналар учун божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш жараёнининг техник-иқтисодий асосларини келишиш ҳамда товарларни қайта ишлашнинг мамлакатимиз иқтисодий манфаатларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар бериш бекор қилинди. Шу боис биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Божхона кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра, мазкур кодекснинг товарларни божхона ҳудудида, божхона ҳудудидан ташқарида қайта ишлаш талаблари ва шартлари билан боғлиқ рухсат этувчи нормалари чиқариб ташланмоқда.

Депутатлар фикрича, мазкур қонун лойиҳаси ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлайди. Қонун лойиҳаси билан давлат органлари томонидан асоссиз маъмурий назоратни бекор қилиш кўзда тутилаётгани эса юртимизда тадбиркорлик соҳасининг янада ривож топишига ёрдам беради.

Баҳс-мунозара шаклида кечган муҳокамалар кун тартибига киритилган қонун лойиҳаларини ҳар томонлама муҳокама қилиш имконини яратди .

Йиғилишда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам муҳокама этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матубот хизмати

| 125 07.08.2018



×
Портал харитаси
Диққат! Портал тест ҳолатида ишламоқда!
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг