Мақоми ошган ўқитувчи — таълим сифатининг индикатори

Мақоми ошган ўқитувчи —  таълим сифатининг индикатори

Кейинги чорак аср мобайнида таълим сифатини ошириш ҳақида гапирилди. Бунинг учун олий таълим тизимини, айниқса касб-ҳунар коллежлари ва лицейлар фаолиятини яхшилашга катта эътибор қаратилди. Бироқ кўп ҳолларда таълимнинг таянч нуқтаси ҳисобланган мактаблар назардан четда қолиб кетди. Бунинг бадалини бугун — давлатимиз айни тараққиёт йўлига чиққан маҳалда сифатсиз таълим тизими, билим-савияси талабга жавоб бермайдиган ёш авлод, жамиятда обрў-эътибори энг қуйига тушиб қолган педагог-ўқитувчилар ҳисобига тўлаяпмиз.

Хўш, энди нима қилмоқ керак?

Бу саволга жорий йил 19 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган “Умумий ўрта таълим сифатини янги босқичга кўтариш, ўқитувчининг обрўсини ошириш — давр талаби”мавзусидаги кенгайтирилган йиғилишда жавоб изланди.

Депутатлар, тегишли вазирлик ва идоралар, таълим муассасалари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек қўмита экспертлари қатнашган мазкур тадбир мактаб таълимида қўлга киритилган ютуқлар эмас, соҳадаги муаммолар қизғин баҳс-мунозара руҳида муҳокама қилингани билан аҳамиятли бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда тегишли вазирлик ва идоралар олдида турган масалаларга асосий эътибор қаратилган эди.   

Давлатимиз раҳбари томонидан қайд этилганидек, кейинги йилларда ўқувчилар дарсликлар билан, компьютер синфлари эса жиҳоз ва компьютер жамланмалари билан тўлиқ таъминланмагани, таълим муассасаларининг интернет тармоғига етарли даражада уланмагани, аксарият мактабларда ўқувчилар сони сиғимига нисбатан икки баробарга кўплиги, айрим фанлардан ўқитувчилар етишмаслиги ёки мактабларда ўқитувчилар қўнимсизлигининг юқорилиги каби омиллар умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифатининг кескин пасайиб кетишига олиб келди. Шунингдек, ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши сифатли ташкил этилмагани, мактабларда ҳамширалар фаолияти қониқарли йўлга қўйилмагани ҳамда ўқувчиларнинг чуқур билим олиши, ота-оналар томонидан фарзандларининг таълим-тарбия эгаллаши учун етарли шарт-шароитларни яратиб бериш билан боғлиқ мажбуриятларини бажармаслиги ҳам бунга ўзининг салбий таъсирини кўрсатди.

Айниқса, халқ таълими ходимлари ойлик маошининг пастлиги, улар ўз вазифасидан бошқа ишларга ҳам жалб қилиниб келингани натижасида ўқитувчиларнинг рейтинг кўрсаткичлари ҳам йилдан-йилга пасайиб борди.

Йиғилиш иштирокчиларининг фикрича, айрим ривожланган давлатларда ўқитувчининг маоши мамлакатдаги ўртача ойлик иш ҳақидан 1,5 баробар кўп бўлган ҳолда, Ўзбекисонда ўқитувчининг маоши ўртача ойлик маошининг 79 фоизини ташкил этиши таълим сифатига ўз таъсирини кўрсатиши табиий. Ҳолбуки, мақоми ва даромади ошган ўқитувчи таълимда сифат индикатори бўла олади.

Шунингдек, умумий ўрта таълимни сифат жиҳатдан юқори босқичга кўтаришда давлат таълим стандартлари ҳамда ўқув режалар ва ўқув дастурларини такомиллаштириш, дарсликлар мазмунини, сифатини танқидий жиҳатдан қайта кўриб чиқиш лозим. Айниқса, умумий ўрта таълим мактабларини кучли бошқарув малакасига эга бўлган раҳбарлар билан таъминлаш, ўқув-тарбиявий жараёнларни тўғри ташкил этиш, замонавий технологияларни қўллашга алоҳида эътибор қаратилиши, 2019 йил Давлат бюджети параметрларини кўриб чиқишда халқ таълими тизимига ажратиладиган маблағлар миқдорини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда ушбу масала юзасидан парламент нуқтаи назаридан ёндашиб, умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитиш сифатини янада юксалтиришга хизмат қиладиган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, мавжудларини бугунги талаблар асосида такомиллаштириш хусусида сўз юритилди. Бунда парламент ва жамоатчилик назоратини олиб бориш асносида педагогларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш, ота-оналарнинг фарзандлари таълим-тарбиясига нисбатан мажбуриятини, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ролини ошириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Тадбир якунида жамиятда ўқитувчилар мавқеини, обрўси ҳамда уларнинг мақомини ошириш механизмларини такомиллаштириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

| 437 20.07.2018



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг