Ўзбекистонда валюта сиёсатини либераллаштириш: натижа ва истиқболлар

2018 йил 25 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан Банк-молия академияси биносида “Валюта сиёсатини либераллаштиришнинг Ўзбекистон иқтисодиёти ва аҳоли турмуш тарзига таъсири: ютуқлар ва муаммолар” мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Конференцияда мутасадди вазирлик ва идоралар, тижорат банклари вакиллари, иқтисодчи олимлар, мутахассислар, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниши билан юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш ҳамда маблағларини ўз хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш ҳуқуқлари  таъминланди, миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини белгилашда фақатгина бозор механизмларига асосланиш йўлга қўйилди. Ўз навбатида, валюта бозори фаолиятини эркинлаштириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар пул-кредит сиёсати механизмларини янги шароитлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш учун асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, пул-кредит сиёсатининг макроиқтисодий барқарорлик ва миллий валютанинг мустаҳкамлигини таъминлашдаги ролини кучайтириш бўйича бир қатор ишлар изчил амалга ошириб келинмоқда.

 Хусусан, мамлакатимизда ички нархлар барқарорлигини самарали таъминлаш мақсадида ўрта муддатли истиқболда ривожланган хорижий мамлакатлар марказий банклари томонидан кенг қўлланиладиган инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Конференцияда сўзга  чиққанлар иқтисодиётда таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш, хусусан, товар ва хизматлар бозорларида рақобат муҳитини ривожлантириш, ишлаб чиқаришда таннарх харажатларини пасайтириш, корхоналарга солиқ юкини оптималлаштириш, солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар турларини камайтириш каби вазифаларни самарали ҳал этиш зарурлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Бу, ўз навбатида, инфляция даражасига номонетар омиллар таъсирини камайтиришга ва айни пайтда иқтисодиётда нархлар барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокамалар чоғида бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини доимий таҳлил қилиш тизимининг яхши йўлга қўйилмагани, зарур
озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа истеъмол товарлари билан мавсумга қараб таъминлаш ишлари тўғри ташкиллаштирилмагани ва Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси фаолиятининг самарали йўлга қўйилмагани каби омиллар ҳисобига нархларнинг асоссиз равишда ошаётганига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, умумиқтисодий, солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсатининг ўзаро мувозанатлашган тарзда олиб борилиши учун мутасадди вазирлик ва идораларнинг фаолиятини янада мувофиқлаштириш механизмини ишлаб чиқиш тавсия этилди.

Бунда ўрта ва узоқ муддатли истиқболда мамлакатни иқтисодий ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқилиши макроиқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш ва унинг мувозанатли ривожланишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан, ушбу иқтисодий ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан тегишли ишлар амалга оширилиши мақсадга мувофиқлиги белгилаб берилди.  

Шу билан бирга, ташқи савдо шароитларини эркинлаштирилиши ва қўшни мамлакатлар билан савдо ва иқтисодий муносабатларни яхшиланиб боришини инобатга олиб, мамлакатимизда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш стратегиясини ишлаб чиқиш, бунда асосий эътиборни, мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда энг салоҳиятли соҳаларга қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Конференция якунида амалдаги қонун ҳужжатларига молия бозорини ривожлантириш, микромолиялаш механизмларини жорий қилиш ҳамда тижорат банклари томонидан имтиёзли шартлар асосида кредит ресурслари ажратиш, давлат қисқа муддатли қимматли қоғозларини чиқариш, республикамизда ишлаб чиқариш имконияти мавжуд бўлмаган хом-ашё ресусларинигина импорт асосида етказиб бериш тизимини татбиқ этиш билан боғлиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича тавсияларни амалиётга жорий қилиш чора-тадбирлари белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 76 25.06.2018



×
Портал харитаси
Диққат! Портал тест ҳолатида ишламоқда!
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг