Ҳар бир оила тадбиркор бўлади

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 июндаги қарорига кўра, ҳар бир туман ва шаҳарда, аввало, олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг моддий шароитини тубдан яхшилаш, турмуш сифати ва даражасида ижобий ўзгаришлар амалга оширилишини таъминлашга қаратилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури ҳаётга татбиқ этилади.

Дастурни амалга ошириш учун Самарқанд вилоятида ҳам тегишли ишчи гуруҳлар тузилиб, уларнинг фаолияти йўлга қўйилди. Ишчи гуруҳлар ҳоким ўринбосарлари, ҳудудлардаги иқтисодий комплекс, банклар, савдо-саноат палатаси ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари масъул ходимларидан иборат таркибда шакллантирилган.

– Вилоятдаги 77 банк муассасаси ходимлари ҳам жойларда ташкил этилган ишчи гуруҳлар таркибига киритилган, – дейди Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси бошлиғи Қ.Собиров. – Шунингдек, ҳар бир маҳаллага банк бириктирилган ва дастурда белгиланган вазифаларни амалга оширишга масъул этиб белгиланган. Улар ишчи гуруҳ билан биргаликда аҳолига мазкур дастурда белгиланган вазифалар, тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун кредит олиш тартибини тушунтириб, ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиш имкониятини ўрганмоқда. Фуқароларга зарур тавсия ва маслаҳатлар бермоқда, кредит олиш билан боғлиқ тартиблар тушунтирилаётир. Чунки, дастурнинг муҳим жиҳатларидан бири – жисмоний шахслар ва тадбиркорлик субъектларига тижорат банклари томонидан имтиёзли кредитлар ажратилиши билан боғлиқ.

Президентимиз қарорида белгиланганидек, тижорат банклари оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун энг кам иш ҳақининг 150 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномаси асосида ажратилади.

Шунингдек, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик бизнес субъектларига ҳам учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулк гарови, Жамғарманинг кафиллиги ва қонун ҳужжатлари доирасидаги бошқа таъминот турлари бўйича энг кам иш ҳақининг 1000 бараваригача миқдорда имтиёзли кредит берилади. 

Ушбу микрокредитлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувининг 2018 йил 8 июндаги қарори билан тасдиқланган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга йиллик 7 фоиз ставкада ажратилади.

Қарз олувчи – жисмоний шахслар кредит олиш учун банкка ариза, паспорт нусхаси, жисмоний шахсларга кредит қайтарилишининг таъминоти сифатида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун бериладиган имтиёзли кредитлаш бўйича тавсияномани тақдим этади.

Қарз олувчининг аризаси келиб тушган кундан бошлаб, тижорат банки томонидан уч иш кунидан ошмаган муддатда ушбу ариза бўйича асослантирилган қарор қабул қилинади.

Кредитлар қарз олувчига алоҳида кредит ҳисоб варағи очиш ва унинг тўлов топшириқномасига мувофиқ, ушбу ҳисоб варақдан нақд пулсиз шаклда пул ўтказиш йўли билан берилади. Жисмоний шахсларга имтиёзли микрокредит ажратилаётган лойиҳанинг ўзига хос жиҳатлари, кредит ҳисобига олинадиган товарни пул ўтказиш йўли билан сотиб олиш имконияти бўлмаган ҳолда ҳудудий ишчи гуруҳларнинг бу ҳақдаги хулосасига асосан микрокредитнинг бир қисми нақд пулда берилиши мумкин.

Давлатимиз томонидан берилаётган бундай имтиёз ва қулайликлар ҳар бир оиланинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига имконият яратиб, халқимизнинг ишбилармонлик қобилиятини намоён этиши ҳамда шу орқали турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА

| 757 22.06.2018



×
Портал харитаси
Диққат! Портал тест ҳолатида ишламоқда!
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг