Карантиндаги фуқаро: давлатимизни бу қадар қудратли, деб ўйламагандим...

Хориждан қайтган фуқаролар коронавирус инфекциясини юқтириб олганликда гумон қилиниб тиббий кузатувда турганлар сони Сирдарё вилоятида 2 минг 794 нафарни ташкил этиб, улардан 82 нафари ҳудуддаги шифохоналарда, 1 минг 789 нафари махсус муассасаларда, 923 нафари ўзларининг яшаш уйларида тиббий кузатув, яъни карантинга олинган. Шулардан 140 нафарини Хитой Халқ Республикаси фуқаролари ташкил этади.

Карантиндаги фуқаро: давлатимизни бу қадар қудратли, деб ўйламагандим...


Бу ҳақда коронавирус пандемиясини мамлакатимизга кириб келиши ва тарқаб кетишини олдини олиш вилоят мувофиқлаштириш штаби хабар берди. Вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталиги маркази томонидан жорий кун ҳолатига вилоятдаги тиббий кузатувда бўлган жами 942 нафар фуқаролардан олинган намуналар, лаборатория текширувидан ўтказилганида коронавирус касаллигининг қўзғатувчиси аниқланмаган. 


Сайхунобод тумани марказий касалхонаси юқумли касалликлар бўлимида 2 ҳафталик тиббий кузатувда бўлиб, коронавирус касаллиги белгилари аниқланмаган беморлардан бири Сайхунобод тумани Нурли йўл маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 46 ёшли Мусурмон Охунов билан телефон орқали боғландик.

– Қайси давлатдан қайтингиз ва шифохонага қандай ҳолатда ётқизилдингиз?

– Жорий йилнинг 18 март куни Россиянинг Москва шаҳридан қайтганимдан, коронавирус инфекциясини юқтириб олганликда гумон қилиниб Сайхунобод тумани марказий касалхонасининг юқумли касалликлар бўлимига карантинга олиндим, – дейди Мусурмон Охунов. – Худога шукур, менда ушбу касалликнинг ҳеч қандай аломатлари аниқланмади ва уйимга жавоб беришди. Лекин яна 10 кун давомида уй шароитида тиббиёт ходимлари назоратида бўлишим қатъиян тайинланди. Ана шу кунлар давомида уйдан ташқарига чиқмаслигим, ҳеч бир яқинларим билан мулоқотда бўлмаслигим тайинланди. Буларнинг барчасига тўлиқ амал қилаяпман.

– Сиз карантинда бўлган шифохона, у ерда карантиндагилар учун яратилган шарт-шароитлар хусусида тўхталсангиз?

– Оддий туман шифохонасида шундай идеал шароитлар яратиб қўйилган, деб сира ўйламагандим. Яп-янги охори тўкилмаган тўшаклар, уч маҳал иссиқ овқат, телевизор, айниқса, тиббиёт ходимларининг биз карантиндагиларнинг ҳар бирига алоҳида эътибори, ширин муомаласидан жуда мамнун бўлдик. Салкам ярим ой худди курортда дам олиб чиққандек ҳис қилдим, ўзимни.

– Бугун бутун курраи заминимизни қоплаб олган коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин бошқа, сиз бўлиб қайтган хорижда қандай амал қилинар экан, фарқини таққослаб бера оласизми?


– Ростини айтсам, давлатимизни бу қадар қудратли, деб ўйламагандим. Ўзимизда бу пандемияга жуда жиддий қаралиб, халқимиз саломатлиги учун мисли кўрилмаган ишлар қилиняпти, миллиард-миллиардлаб доллар сарфланмоқда. Тўғри, мен бу борада мутахассис эмасман, аммо, ўзимизда коронавирусни юқтириб олган биринчи бемор аниқланган кунданоқ, касалликни тарқаб кетишини олдини олиш учун жиддий курашга киришилиб, карантин жорий этилди. Аммо Россияда биз ўша ёқдалигимизда касаллик тарқаб бошланганига қарамай, ҳали карантин жорий этилмаган эди.

– Сизни гапларингизни нафақат Ўзбекистон, бутун жаҳон халқлари ўқийди. Уларга айтар гапингиз борми?

– Менимча бор. Аввало, халқи, миллати, юрти тақдири учун жон куйдираётган Президентимиздан беҳад миннатдор бўлмоғимиз лозим. 14 кун ичида, ўзларини ўйламай, бор эътиборини бизга қаратган шифокорларга, биз карантиндалигимизда уйдагиларимизга барча озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шахсий-гигиена, антисептик воситалар, тиббий ниқобларни беминнат етказиб турган маҳаллий ҳокимлик вакилларига каттадан-катта раҳмат.

Қадрли ватандошлар, сизлардан илтимос, сизу биз учун ўз касбининг фидойиси бўлган инсонлар ишлаяпти, келинг уларни меҳнатини ҳурмат қилиб, уйимизда қолайлик.

 

4 375

А.ҚАЮМОВ, ЎзА

| 3050 06.04.2020



×
Портал харитаси