Тиббиёт ва илм-фан соҳаларида долзарб масалалар таҳлил қилиниб, қўшимча вазифалар белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасини ва илм-фан йўналишларини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Охирги йилларда тиббиёт соҳасининг бирламчи, тез тиббий ва ихтисослашган ёрдам бўғинларида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 7 декабрдаги фармонига мувофиқ, 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Касалликни профилактика қилиш учун врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалар ходимлари уйма-уй юриб, аҳолини патронаж билан қамраб олиши, ҳудудий шифохоналар билан маълумот алмашинуви тўлиқ йўлга қўйилиши зарурлиги қайд этилди. Бунда тиббий маданиятни ошириш, жисмоний тарбия ва спортни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда тиббиёт тизимини илғор хорижий стандартлар асосида ташкил этиш, аҳолининг соғлиқни сақлаш хизматларидан фойдаланишини янада кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

16 та ихтисослашган марказ касалликлар кўрсаткичини таҳлил қилган ҳолда, уларнинг олдини олиш чораларини кўриши, ўз фаолиятини ҳудудларда ташкил этиб, бирламчи тизим билан хамкорликда ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу марказларни янада ривожлантириш учун хусусий ва хорижий инвестициялар йўналтириш муҳимлиги айтиб ўтилди.

Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматини янада яхшилаш, туғиш ёшидаги аёллар тиббий кўригини тизимли ташкиллаштириш, касалликка чалинганларни соғломлаштириш бўйича аниқ иш режа ишлаб чиқиш юзасидан топшириқлар берилди.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳри тез тиббий ёрдам хизмати чақириқларни автоматик қабул қилиш ва ижро этиш бўйича тўлиқ рақамлаштирилди ҳамда 150 та махсус “Форд” автомобиллари билан таъминланди.

Давлатимиз раҳбари ушбу тизимни 2020-2021 йилларда республиканинг барча ҳудудларига босқичма-босқич татбиқ этиш, шошилинч ва тез тиббий ёрдам хизматини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Инвестиция дастурига мувофиқ тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш учун жорий йилда халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда соҳадаги кадрлар таъминоти, малакаси ва салоҳияти танқид қилинди. Ҳозирда соғлиқни сақлаш тизимида 75 минг нафар врач фаолият юритмоқда. 2 минг 900 та умумамалиёт шифокори, 10 мингта тор мутахассислар етишмайди. Илмий изланиш натижаларини ҳаётга жорий этиш 5 фоиздан ҳам ошмайди.

Президентимиз мутахассисларни давлат буюртмаси асосида манзилли тайёрлаш, мақсадли квоталарни туман, қишлоқ ва иш жойи кўрсатилган ҳолда шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

Тиббиётда илм-фанни ривожлантириш, илмий изланишларнинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Маълумки, 2020 йил Ўзбекистонда Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили деб эълон қилинди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ҳар йили илм-фаннинг бир нечта устувор йўналишини ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.

Хусусан, жорий йилда математика, кимё-биология, геология каби йўналишларда фундаментал ва амалий тадқиқотлар фаоллаштирилиб, олимларга барча шарт-шароитлар яратиб берилади. Шунингдек, илм-фан соҳасида фундаментал ва инновацион тадқиқотлар учун мақсадли грант маблағларини ажратиш механизми тубдан қайта кўриб чиқилади.

Йиғилишда мутасаддиларга шу борадаги ишларни тизимли ташкил этиш, туб ислоҳотларни мактаб таълимидан бошлаб илмий-тадқиқот муассасаларигача қамраб олиш бўйича топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбари фаннинг белгиланган соҳаларига ҳам моддий, ҳам маънавий эътиборни кучайтириш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Йиғилишда муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди.

| 392 29.01.2020



×
Портал харитаси