Яна бир Қонун кучга кирди

Олий Мажлис Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлисида “1993 йил 22 январдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенцияга доир Баённомани (Москва, 1997 йил 28 март) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини маъқулланган эди. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти мазкур Қонунни имзолади.

Таъкидлаш лозимки, ушбу Қонун Ўзбекистон билан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ўртасидаги фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатларни мутлақо янги босқичга кўтариб, уларни янада батафсилроқ тартибга солишни назарда тутади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2019 йил 24 август куни “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенцияга (Кишинев, 2002 йил 7 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги Қонун маъқулланган эди. Бу Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси, Арманистон, Украина, Тожикистон, Грузия ва Молдова давлатларининг ваколатли органлари билан биргаликда ўзларининг марказий, ҳудудий ва бошқа органлари орқали ҳамкорлик қилиши учун ҳуқуқий асослар яратишга имкон берган.

Бироқ ушбу Қонун талаблари Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатларга татбиқ этилмайди, чунки Россия Федерацияси 2002 йил 7 октябрда Кишиневда имзоланган Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенциянинг (бундан буён Минск конвенцияси) иштирокчиси ҳисобланмайди.

Мурожаатларнинг аксарият қисми, 75 фоизига яқини Минск конвенцияси доирасидагилар, Россия Федерациясидан келиб тушаётган сўровлар бўлганлиги сабабли Ўзбекистоннинг Россия билан бу йўналишдаги алоқаларни амалга ошириш имконияти йўқ эди. Бугунги кунда Минск конвенциясининг 1997 йил 28 мартдаги Баённомасини ратификация қилган Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Молдова, Росссия, Тожикистон ва Украина ўз ҳудудий органларига давлатлараро ҳамкорлик қилиш ваколатларини берган. Бундай ҳолда талаб қилинадиган ҳужжатлар сўралаётган давлатларга уч-тўрт ой мобайнида бориб тушади.

1997 йил 28 мартдаги Минск конвенциясининг Баённомасини ратификация қилмаган МДҲ давлатлари ҳудудларидан ҳужжатлар талаб қилинганда бундай ҳужжатни олиш муддати ошади ва ўртача ўн ойдан бир йилгача муддатни ташкил этади.

Қонун Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Молдова, Тожикистон, Украина каби мамлакатлар билан бир қаторда, эндиликда Россия билан ҳам ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалаларида тегишли мутасадди органлар орқали бевосита ўзаро алоқаларни амалга ошириш имконини яратади.

Яна бир эътиборли жиҳат. Конвенцияга аъзо мамлакатлар ўртасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш масалаларига тегишли хужжатларнинг келиб тушиши ва уларни кўриб чиқиш жараёнларининг тезкорлиги таъминланади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур халқаро ҳужжат чет элда истиқомат қилувчи фуқароларимизнинг ҳақ-ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаб, соҳадаги ваколатли органнинг ҳуқуқий ёрдам сўровлари билан ишлаш жараёни самарадорлигини янада яхшилашга хизмат қилади.


Алишер КУРМАНОВ,
Олий Мажлис Сенати
Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий
алоқалар, хорижий инвестициялар ва
туризм масалалари қўмитаси раиси

| 3271 17.12.2019



×
Портал харитаси