Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси якунланди

Сенаторлар Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси  доирасида Навоий вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар.

Вилоятни комплекс ривожлантириш, инвестициялар жалб қилиш ва ўзлаштириш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари ташкил этиш, кичик бизнесни ривожлантириш ҳамда экспортни кенгайтириш, коммунал соҳадаги муаммоларни бартараф этиш, янги иш ўринлари ташкил этиш, давлат дастурлари ижросини таъминлаш бўйича бажарилган ишлар ҳақида батафсил ахборот келтирилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг вилоятга амалга оширган ташрифлари давомида белгиланган вазифалар доирасида умумий суммаси 2,9 трлн. сўмлик 2693 та лойиҳа амалга оширилди,   17 840 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. 8 та кичик саноат зонасига 332,6 млрд. сўмлик инвестициялар жалб қилиниши ҳисобига 96 та лойиҳа амалга оширилди ва қарийб 600 та янги иш ўрни яратилди.

Вилоятда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Yoshlar – kelajagimiz”, “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастурлари доирасида кенг миқёсли ишлар олиб борилмоқда. Долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари иштирокида ҳал этилмоқда. Охирги икки йилда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида ижтимоий-иқтисодий соҳаларда 130 дан ортиқ масала муҳокама этилди.

Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан 300 дан ортиқ мансабдор шахс ҳисоботлари эшитилди, долзарб масалаларни, аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилиш мақсадида тегишли тузилмаларга 250 дан ортиқ депутат сўрови ва мурожаатлар юборилди.

Шу билан бирга, сенаторлар Навоий вилоятида мавжуд муаммоларни, жумладан, йўлларни таъмирлаш, электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, ичимлик суви тармоқларини ва канализация тизимини қуриш, коммунал инфратузилмани ривожлантириш ҳамда такомиллаштириш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш бўйича зарур чоралар кўриш зарурлигига эътибор қаратдилар.

Зарафшон шаҳрининг ўзида қуввати 125 МВт бўлган иккита трансформатор кичик станциясини қуришга эҳтиёж борлиги таъкидланди. Зарафшонда, Учқудуқ ва Хатирчи туманларида сув ўтказиш тармоқларини ётқизиш, Кармана тумани марказида замонавий канализация тизимини қуриш зарур.

Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш тизими билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Жумладан, Томди ва Учқудуқ туманларидаги олис ва йирик шаҳарларда аҳоли тарқоқ жойлашганига қарамай, тез тиббий ёрдам хизмати бошқа туманларда бўлганидек йўлга қўйилган. Яъни аҳоли пунктлари бир-биридан ўнлаб километр олисда жойлашганлиги эмас, балки аҳоли сони ҳал қилувчи омил бўлди. Бундай ҳолат тиббиёт ходимлари учун ҳам, беморлар учун учун ҳам жиддий қийинчиликларни келтириб чиқармоқда.

Бу ва бошқа камчиликларни таҳлил қилиб, сенаторлар мазкур муаммоларни ҳал этишда маҳаллий ҳокимият органлари ва масъул вазирлик ҳамда идоралар ҳамкорлигини кучайтириш, шунингдек маҳаллий Кенгашлар фаоллигини ошириш зарурлигини таъкидладилар. Бу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Сўнгра сенаторлар сув объектларига оқинди сувларни оқизиш билан боғлиқ муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқдилар.

Қайд этилишича, парламент сўровига берилган жавобда бу соҳада белгиланган вазифаларни ижро этиш мақсадида тизимли ишлар олиб борилаётганлиги баён этилган.

Жумладан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро маслаҳатчиларни жалб қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасида 2035 йилгача сув таъминоти ва канализация соҳасини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Ушбу Концепцияга мувофиқ канализация тизимида суткасига        757 минг кубметр оқава сув қувватига эга сув тозалаш иншоотини қуриш, 8605 километрлик канализация коллекторлари ва тармоқларини қуриш ҳамда қуввати 906 кубметрлик тозалаш иншоотларини, 2176,2 километрлик канализация коллектор тармоқларини, 128 та насос станциясини ва зарарсизлантирувчи 11 та иншоотни реконструкция қилиш режалаштирилган. Барча ушбу тадбирларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари кредитлари ва республика бюджети маблағлари ҳисобига 14,6 трлн. сўм ўзлаштирилади. Натижада республикада канализация хизматлари билан таъминланганлик даражаси 31,4 фоизга етказилади. Бу масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан унинг ваколатига кирадиган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Олий Мажлис Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлисида жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 17 та масала, шу жумладан 11 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма бешинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

| 518 15.12.2019



×
Портал харитаси