2020 йилги Бюджетнома қонун билан қабул қилинади

2019 йил 11 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонун лойиҳалари билан биргаликда, бу йил илк бор қабул қилинаётган «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

                2020 йилги Бюджетнома қонун билан қабул қилинади

Депутатлар партия Сайловолди дастуридаги устуворликлардан келиб чиқиб, Давлат бюджети ижросида ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлаш, аҳоли турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги тадбирларнинг молиялаштирилишига алоҳида эътибор қаратдилар.

Қайд этилдики, ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан республика бюджети ажратмаларини тасдиқлаш, бюджет жараёни ва бюджет даражалари ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш ҳамда 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети ҳамда уларни тайёрлаш учун асос бўлган макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари тўғрисида маълумотларни беришдан иборат.

Қонун лойиҳасининг асосий моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, унда Олий Мажлис палаталари биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари учун парламент ажратмаларини, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорларини тасдиқлаши кўзда тутилган. 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетининг жамланма параметрлари ҳамда 2021-2022 йилларга бюджет мўлжаллари ҳамда келгуси йилги Ўзбекистон Республикасининг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози маълумот учун қабул қилиниши белгиланган.

Шунингдек, 2020 йил учун давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари прогнози маълумот учун қабул қилиниши ҳамда уларнинг харажатлари тасдиқланиши назарда тутилган. Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари маълумот учун қабул қилиниши белгиланган.

ХДП фракцияси аъзоларининг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳасида белгиланган чоралар бюджет ижроси жараёни ва бюджет маблағларини тасарруф этувчиларнинг жавобгарлигини оширишни ҳамда давлат бюджети барқарорлигини таъминлайди. Шу билан бирга, қонун лойиҳасида аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва бюджет жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида қонун лойиҳасида бюджет жараёнининг барча иштирокчилари томонидан маблағлардан фойдаланишга доир ҳисоботларни ҳамда солиқ ва божхона имтиёзлари рўйхатини жойлаштириш механизмини белгиловчи алоҳида боб келтирилган.

Бундан ташқари, мазкур қонун лойиҳасининг учинчи бобида бюджетлараро муносабатларнинг янги тизими жорий қилиниши назарда тутилган. Хусусан, Олий Мажлиси палаталари томонидан Консолидациялашган бюджет параметрлари, биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун парламент ажратмалари ва бюджетлараро тартибга солувчи трансфертлар ҳажмларининг чекланган миқдорларини тасдиқлаш, Вазирлар Маҳкамаси томонидан иккинчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун парламент ажратмаларининг чекланган миқдорларини тасдиқлаш белгиланган. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан маҳаллий бюджетлар параметрлари, шунингдек, маҳаллий бюджетлардан ажратиладиган мақсадли тартибга солувчи трансфертларнинг чекланган миқдорларини тасдиқлаш назарда тутилган.

Депутатларнинг фикрича, ушбу механизмларнинг амалга оширилиши бюджетлараро муносабатларда шаффофликни, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини ва бюджетни ишлаб чиқиш ҳамда унинг ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш жараёнида Олий Мажлис палаталари ҳамда халқ депутатлар маҳаллий Кенгашлар ролини кучайтиришга хизмат қилади.

Йиғилишда илк бор қабул қилинаётган «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси юзасидан фракция аъзолари бир қатор таклифларини билдирдилар.

Фракция аъзолари кун тартибидаги яна бир қатор қонун лойиҳаларини ҳам кўриб чиқдилар. Муҳокама этилган масалалар юзасидан фракциянинг позицияси белгилаб олинди.

| 3421 12.11.2019



×
Портал харитаси