Парламент тарихида илк бор Бюджетнома қонун билан қабул қилинади

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамаси қизғин давом этмоқда.

             Комилжон ЭРНАЗАРОВ: Парламент тарихида илк бор Бюджетнома  қонун билан қабул қилинади

Таъкидлаш жоизки, кейинги пайтларда мамлакатимизда бюджет жараёни очиқлигини таъминлашнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 22 августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қарорда 2020 йилдан бошлаб, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ахборотлар батафсил баён этилган, илғор халқаро стандартларга мувофиқ тайёрланган қонун билан тасдиқланиши белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, қуйи палатада бу йил парламентимиз тарихида илк бор Давлат бюджети қонун билан қабул қилинади.

Ҳозирда “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси парламент қуйи палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Давлат бюджети бошқармаси, барча қўмита ва фракцияларда ҳар томонлама чуқур муҳокама қилинмоқда.

Муҳокамаларда депутатлар масалага ниҳоятда жиддий эътибор қараётганининг ўзига яраша сабаби бор, албатта. Чунки, илгари биз — депутатлар фақат Давлат бюджетини қабул қилар эдик. Маҳаллий кенгашлар ўз бюджетини қабул қилишда уни республикадан етказилган рақамлар асосида тасдиқлаб қўйган. 

Эндиликда эса, фаолиятимизга янги амалиёт, янги институт кириб келяпти. Яъни, муҳокама этилаётган қонун лойиҳаси билан республика вазирлик ва идораларининг бюджетлари Олий Мажлис томонидан тасдиқланиши, маҳаллий бюджетларнинг даромадларини эса, солиқ турлари бўйича ҳамда харажатларини бюджет ташкилотлари кесимида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ўзлари белгилаши кўзда тутилмоқда. Бу, ўз навбатида, республика вазирлик ва идораларга ажратилган бюджет маблағларининг натижадорлигини парламент назорати остида таъминлашга хизмат қилади. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг эса, ўзларига тегишли бўлган бюджетни қабул қилишдаги ҳақиқий мустақиллиги таъминланади.

Эътиборлиси, ушбу қонун билан Давлат бюджети даромадларининг солиқ турлари бўйича харажатларини соҳалар кесимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлар маҳаллий Кенгашлари томонидан қайта-қайта тасдиқланишига ҳам барҳам берилади.

Ана шундай муҳим ўзгаришлар туфайли парламент қуйи палатаси депутатларининг ҳам, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар вакилларининг ҳам олдида жуда катта масъулиятли иш турибди. Яъни, биз масалага жуда катта билим ва тажриба, талабчанлик билан ёндашмоғимиз лозим.

Давлат бюджетининг ҳар бир бандида кўзда тутилаётган маблағларни оқилона тақсимот қилишда депутатлардан жойларда халқимиз билан ўтказилаётган учрашувлар, ўрганишларда аниқланаётган муаммоларни, билдирилаётган талаб ва истаклар ҳамда таклифларни ҳам инобатга олиб, иш тутишимиз талаб қилинади.

Албатта, ҳозирда мазкур қонун лойиҳаси юзасидан парламент қуйи палатасида масъул қўмита белгилаб олинди. Палатанинг Бюджет бошқармаси ҳам жалб этилди. Ҳар бир сиёсий партия фракцияси ўз “йўл харита”сини тузиб оляпти.

Галдаги муҳим иш — қонун лойиҳасини уч ўқишда қабул қилишдир. Турган гапки, биринчи ўқишдан сўнг барча масала ойдинлашади.

 

Комилжон ЭРНАЗАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

| 3122 10.11.2019



×
Портал харитаси