БМТнинг махсус маърузачиси билан учрашув бўлиб ўтди

2019 йил 19 сентябрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг БМТнинг Судлар ва адвокатлар мустақиллиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян бошчилигидаги делегация билан учрашуви бўлиб ўтди.

          

Учрашувда суд тизимининг тузилмаси, мустақил ва холис фаолиятини ташкил этиш, одил судловга эришиш, одил судлов тизими субъектларини ҳимоя қилиш, шунингдек одил судлов ва ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Қайд этилганидек, Президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсат туфайли кейинги йилларда мамлакатни модернизациялаш ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштириш бўйича устувор йўналишларни амалга оширишда Ўзбекистон самарали натижаларга эришди. Халқ билан доимий ва тизимли мулоқот асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда янги қадамлар ташланмоқда. Жумладан, суд-ҳуқуқ тизимида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стнадартларга жавоб берадиган одил судлов замонавий тизимини яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистонда суд тизими мустақиллигини таъминлаш йўлида кўрилаётган ижобий қадамлардан таъсирландик ва судьяларни танлаб олиш, судлар ихтисосланиши, суд ишлари судьялар орасида холисона тақсимланиши миллий тизимига юқори баҳо берамиз”, - деб таъкидлади Диего Гарсия-Саян.

Ўзбекистон фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича хорижий арбитраж қарорларини, ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатларни тан олиш ҳамда ижро этишга доир БМТнинг бир қатор конвенцияларини, қарийб 30 та халқаро икки томонлама шартномани ратификация қилди. БМТ ҳужжатлари қоидалари Ўзбекистоннинг процессуал қонун ҳужжатларига, шунингдек “Адвокатура тўғрисида”ги ҳамда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонунларга татбиқ этилди.

          

Бундан ташқари, БМТнинг коррупцияга қарши конвенциялари қоидалари (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь куни) 2017 йил кучга кирган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида ўз аксини топди. 2019 йил бошида Сенатда Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси тузилиб, коррупцияга қарши курашиш соҳасида парламент назорати самарадорлигини ошириш унинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Мамлакатимиз миллий қонун ҳужжатларининг судлар мустақиллигини таъминлашга доир қисми такомиллаштирилмоқда. Янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлар, янги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодекс ва Фуқаролик процессуал кодекси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматининг 25 дан ортиқ қарорлари қабул қилинди.

         

Ўзбекистонда суд органларининг мустақиллигини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш бўйича кенг ваколатларга эга мустақил орган сифатида Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани судьяларни танлаш, тайинлаш ва тайёрлашда суд интизомига, тегишли тамойиллар ва қоидаларга риоя этилишини таъминлайди.

Томонлар Ўзбекистонда кўрилаётган чора-тадбирлар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида одил судловнинг демократик принципларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароит яратишга қаратилганлигини қайд этди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

| 3160 20.09.2019



×
Портал харитаси