Бизнес вакиллари яратилаётган имкониятлардан қониқяптими?

2019 йил 9 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери, қуйи палата депутатлари, сенаторлар иштирокида ўтказилган халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг сессиясида Президентимиз томонидан жорий йилнинг 2 август куни хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга бағишланган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижроси муҳокама қилинди.

 Бизнес вакиллари яратилаётган  имкониятлардан қониқяптими?

Сессияда вилоят ҳокими биринчи ўринбосарининг ҳисоботи эшитилди.

Унда сўнгги йилларда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш янги босқичга кўтарилиб, мавжуд муаммолар бартараф этилаётгани алоҳида таъкидланди.

Бугунги кунда мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш, бу йўлдаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш мақсадида узоқни кўзлаб олиб борилаётган ишлар натижасида мазкур соҳа иқтисодиётнинг том маънодаги таянчига айланмоқда.

Андижон вилоятида ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай шароит яратиш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида
16 451 та тадбиркорлик субъекти ташкил қилиниб, уларнинг умумий сони 37 354 тага етди.

Банклар бугун тадбиркорларга ҳар томонлама кўмаклашмоқда. Уларнинг тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатишини яхшилаш ва ажратилаётган кредитлар самарадорлигини ошириш масаласига ҳам эътибор кучайтирилди. Бугунги кунда тижорат банклари ўз мижозлари билан учрашиб, уларга ёрдам кўрсатиш, ҳолати ўрта ва қониқарсиз бўлган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқиб, амалга ошириш чораларини кўрмоқда. Хусусан, вилоятда тижорат банкларининг жами 41 минг 533 та мижози бўлиб, шундан 39 минг 180 таси билан жойига борган ҳолда учрашувлар ўтказилди. Мижозларни тоифаларга бўлиб чиқиш асосида фаолияти ҳолати яхши деб баҳоланган 22 минг 149 та тадбиркорлик субъектига кўмаклашиш, ҳолати ўрта 13 минг 238 та ҳамда қониқарсиз деб баҳоланган
4 минг 43 та тадбиркорни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш белгилаб олинди. Ушбу тадбиркорлик субъектлари томонидан 2 230 та масала кўтарилган бўлиб, шундан 888 таси ҳал этилди, қолганларини ечиш чоралари кўрилмоқда.

Сессияда тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда банк ва тадбиркорлик субъекти ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро ҳамкорликда ечимини топиши зарур бўлган масалалар бўйича атрофлича фикр алмашилди.

Қайд этиш керакки, тадбиркорликни ривожлантиришда соҳа вакиллари билан учрашиш, улар муаммоларини ўз вақтида ҳал этиш жуда муҳим. Шунинг учун ҳам вилоят ҳокимлиги томонидан “тадбиркорлик куни“ доирасида амалий мулоқот тизими йўлга қўйилган. Хусусан, ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит маблағлари бўйича қарздорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилиши натижасида жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 7,6 трлн. сўм қарздорлик мавжуд бўлиб, олиб борилган тушинтириш ишлари натижасида 37,2 млрд. сўм миқдорида қарздорлик сўндирилган.

Ҳокимлар ва уларнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик ҳамда инвестиция масалалари бўйича ўринбосарлари томонидан ҳар куни камида биттадан фаолиятини тўхтатган кичик бизнес субъектларининг фаолиятини қайтадан тиклаш юзасидан амалий ишлар қилинмоқда. Кўрилган чоралар натижасида вилоятда август ойининг ўзида 1 078 та тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини қайта бошлади.

Ҳудуд ҳокимлари ҳафтада 3 кун (душанба, сешанба ва чоршанба) тадбиркорлик субъектлари билан учрашиб, натижаси юзасидан улар фаолияти ҳолатини 3 тоифага (яхши, ўрта, қониқарли) бўлган ҳолда, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўрмоқда.

Аммо, йиғилишда таъкидланганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш аҳволи ўрганилганида соҳани қўллаб-қувватлашда қатор муаммолар борлиги ҳам маълум бўлди. Хусусан, олдин ҳокимларда ер участкаларини аукцион ўтказмасдан тўғридан-тўғри бериш ваколатлари мавжуд эди. Эндиликда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолияти учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш ер участкалари республиканинг барча ҳудудларида фақат “E-IJRO AUKSION” савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали тақдим этилади. Бироқ жойларда аҳоли, хусусан, тадбиркорлар билан ўтказилган мулоқот чоғида уларга ер майдони ажратишнинг энг қулай ва шаффаф тартиби жорий этилгани, ер майдонлари фақат “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо орқали ажратилиши бўйича жорий этилган тизимдан уларнинг етарлича хабардор эмаслиги, бу борада тушунтириш ишлари талаб даражасида олиб борилмаётгани маълум бўлди.

Фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қайта тиклаш борасидаги ишлар лозим даражада ташкил этилмаган. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида 1 078 та тадбиркорлик субъекти қайта тикланган бўлса-да,
24 048 та тадбиркорлик суюъектлари фаолияти айрим сабабларга кўра вақтинча тўхтатилган. Бу ҳудудда фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъектларининг муаммолари билан ишлашга мутасадди ташкилотлар томонидан эътиборнинг сустлигидан далолатдир.

Кредитлашнинг бирламчи талаблари етарлича инобатга олинмагани, тадбиркорлар билан тегишли ташкилотлар ўртасидаги муносабатларнинг етарли даражада йўлга қўйилмагани оқибатида жорий йилнинг 1 сентябрь муддатида қайтарилмаган кредит ва фоиз тўловларидан жами 132 млрд. 300 млн. сўмлик муаммоли қарздорлик юзага келган.

— Танқидий-таҳлилий ўтган ушбу сессияда бугун биз — тадбиркорларни қийнаётган барча масала тилга олинди, — дейди “Иномжон файз” хусусий корхонаси раҳбари О.Отахонова. — Масалан, бошқа айрим ҳудудларда бўлгани каби вилоятда ҳам ер-қурилиш соҳасида айрим камчиликлар мавжудлиги қайд этилди. Дарҳақиқат, қурилиш учун ер майдони ажратиш жараёнлари 60 кун давомида ўндан зиёд ташкилот иштирокида амалга оширилади. Ўзингиз айтинг, шу ҳолатнинг ўзиёқ соҳада коррупцияга барҳам бериш ва тадбиркорликни ривожлантириш кафолатларини шубҳа остида қолдирмайдими? Бундан ташқари, қурилишни бошлаш учун бошқа рухсат берувчи ҳужжатларни олиш ҳам талаб этилиши соҳада масъуллар томонидан сансалорлик ҳолатларининг юзага келтирмоқда. Жумладан, қурувчи архитектура-лойиҳалаш топшириқларини қўлга киритиш учун камида 30 кун вақт сарфлайди. Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш жараёнлари ҳам деярли шу тарзда кечади. Сўнг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш жараёни бошланади. Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш босқичи ҳам бор ва бунинг учун камида икки ҳафта вақт зарур бўлади. Шундан кейин қурилиш-монтаж ишларига рухсат олиш ишлари бошланади, у ҳам камида 10 кун давом этади. Албатта, буларнинг барчаси ечилиши лозим бўлган масалалар бўлиб, унингсиз тадбиркорликни ривожлантириш, вилоятимизда тараққиётни жадаллаштириш, бунёдкорлик ишларини кучайтириш мушкул. Бугунги сессия вилоятимизда ана шундай муаммоларга чек қўйишда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз, деб ўйлайман.

— Бугунги сессияда оғриқли масалалар кўтарилди, — дейди халқ депутатлари Андижон вилоят Кенгаши депутати С.Мамитова. — Дарҳақиқат, тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммолар барчани бирдек ўйлантиряпти. Бу борада Президентимизнинг ҳар сафар куюниб айтаётган гаплари, қабул қилаётган Фармон ва қарорлари муҳим ўзгаришларга асос бўляпти. Лекин сессияда келтирилган далил ва рақамларни эшитиб, соҳада ҳали қилиниши лозим бўлган амалий ишлар ҳам талайгина эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Бу жараёнда биз — маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам фаол бўлишимиз, тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга доимо алоҳида эътибор қаратишимиз, долзарб масалалар ечими юзасидан тегишли тузилмаларга депутатлик сўровлари билан чиқишимиз лозим эканини англадим. Шу асосда кичик бизнес ривожига ғов бўлаётган ҳар қандай муаммо ва аниқланган қонунбузилиши ҳолатларига нисбатан ўз фуқаролик позициямизни, муносабатимизни билдиришимиз зарур. Айни масала сессияда ҳам алоҳида таъкидлангани бежиз эмас. Зеро, тадбиркорлик ривожи мамлакатимиз тараққиётига чамбарчас масалага айланмоқда.   

Танқидий руҳда ўтган сессия ишида вилоятда кичик бизнес ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш борасида аниқланган ҳар бир муаммо, йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар чуқур таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш борасида вазифалар белгилаб олинди. Кичик бизнес субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредит маблағларидан самарали фойдаланиш, тижорат банклари томонидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларни мониторинг қилиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва уларнинг бозорини топишгача бўлган жараёнда юзага келаётган муаммоларни ҳал этишда тижорат банклари раҳбарларининг масъулиятини ошириш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

| 3428 09.09.2019



×
Портал харитаси