Ҳафталик дайжест: ўтаётган ҳафтанинг энг муҳим воқеалари ҳақида қисқача (2019 йил 2 – 8 сентябрь)

Сенатнинг ўтган ҳафтадаги фаолиятида юз берган муҳим воқеалар ҳақида қисқача маълумот тақдим этилади.

Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!

Халқимизни байрам шукуҳи ила бирлаштирган бу эзгу шиор остида мамлакатимизда энг улуғ, энг азиз айём – Истиқлолимизнинг 28 йиллиги кенг нишонланди.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ҳайкали пойига гулчамбар қўйди, унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Ушбу маросим давлат ва жамоатчилигимизнинг Ислом Каримовга ҳурмати ифодаси бўлди. Унда парламент ва ҳукумат аъзолари, фан ва маданият намояндалари, зиёлилар, ёшлар иштирок этди.

Ислом Каримовнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.

***

Ватан равнақи ва халқнинг оғирини енгил қилишга ҳаммамиз ҳисса қўшишимиз керак

Шундай фикрлар мактабларда янги ўқув йилини бошлаб берган “Мустақиллик дарслари”да янгради. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ўзлари таҳсил олган ёки яшаётган ҳудудидаги мактабларга ташриф буюриб, “Мустақиллик дарси”ни ўтишди.

***

 Сенат маъқуллаган қонунлар Президент томонидан имзоланди

Ушбу ҳафтада Ўзбекистон Республикаси Президенти йигирма биринчи ялпи мажлисда сенаторлар томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикаси қонунларини имзолади.

“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”,

“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”,

“Сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари шулар жумласидан.

***

БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди

Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги ваколатхонаси тақдим этган Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги ахборот БМТ Бош Ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида қабул қилинди. Ҳужжат Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар орасида БМТнинг 6 та расмий тилида тарқатилди.

***

Тадбиркорлик ривожи – мамлакатимизнинг ҳар бир минтақаси тараққиётини белгиловчи муҳим омил

Ушбу фикр якунланаётган ҳафтада бўлиб ўтган халқ депутатлари  БухороНавоийСамарқанд  вилоят Кенгашларининг сессияларида такрор ва такрор таъкидланди.

Сессияларда парламент ишчи гуруҳи томонидан вилоятларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳолатини ўрганиш натижалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

***

Янги қонунлар иқтисодий ислоҳотлар муваффақиятига  пойдевор ҳозирлайди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитасининг ишчи гуруҳи йиғилишида иштирок этган экспертлар айнан шундай фикр билдиришди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги ва “Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари кўриб чиқилди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати

| 3381 08.09.2019



×
Портал харитаси