Қуйи палата қўмиталарида Давлат бюджети ижроси муҳокама этилди

Жорий йилнинг 23 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмиталарининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил ҳамда 2019 йилнинг биринчи чорагидаги ижроси якунлари тўғрисидаги ҳисоботикўриб чиқилди.

     Қуйи палата қўмиталарида Давлат бюджети ижроси муҳокама этилди

Депутатлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мутахассислар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган йиғилишда ҳар чоракда мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш Қонунчилик палатасининг устувор вазифаларига кириши, бу доим депутатлар корпусининг диққат марказида бўлиб келаётгани таъкидланди.

Кенгайтирилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2018 йилги ижросида ижтимоий соҳаларни янада ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги масалаларни молиялаштирилишига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди. Жумладан, ҳисобот даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтирилган харажатлар Давлат бюджетининг 53,8 фоизини, яъни ЯИМ нисбатан 10,5 фоизни ташкил этаётгани, хусусан ушбу харажатларнинг 91,5 фоизи ёки 39251,3 млрд. сўми ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келади.

Қайд этилганидек, Ҳаракатлар стратегиясининг тизимли амалга оширилиши юртимиз иқтисодиётида таркибий ва сифат ўзгариши ясамоқда. Иқтисoдиётнинг бaрқaрoр суръaтлaрда ўсиши вa мaкрoиқтисoдий мувoзaнaтни, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминламоқда. Қишлоқ хўжалигининг модернизациялашуви ва интенсив ривожланишига имкон яратмоқда. Натижада, 2019 йилнинг 1-чорагида Давлат бюджети даромадлари 23 065,9 млрд. сўмни ташкил қилди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 62,9 фоизга ўсди ҳамда белгиланган 21 123,6 млрд. сўм режа 1 942,3 млрд. сўмга ортиғи билан ёки 109,2 фоизга бажарилди. Ўз навбатида, Давлат бюджети даромадларининг Ялпи ички маҳсулотдаги улуши 25,3 фоизни ташкил қилишига эришилди.

Ҳисобот даврида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилгани сақлаб қолинди. Давлат бюджетининг барча даражасида мутаносибликни таъминлаш, саноат ва хизматлар кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш ҳисобига маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлаш, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, Президент ва Ҳукумат томонидан белгиланган вазифаларни бажариш Давлат бюджети ижросининг устувор йўналишлари бўлди.

Шу билан бирга, 2019 йилнинг 1-чорагида мамлакатимизнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётида яна бир муҳим воқеа билан ёдда қолганини таъкидлаш лозим. Жорий йилнинг 13 февраль куни Ўзбекистон молиявий тарихида ёрқин саналардан бирига айланди. Негаки, Ўзбекистон мустақил тарихида биринчи марта 5 йиллик 500 миллион долларлик евробондларни 4,75 фоиздан, 10 йиллик 500 миллион долларлик евробондларни эса 5,375 фоиздан жойлаштирди. Бу давлатимизга кўплаб иқтисодий имкониятлар эшигини очиб беради.

Депутатлар Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил биринчи чорагидаги ижроси якунларини муҳокама қилар экан, кейинги пайтларда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга, хусусан, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда пенсиялар тайинлаш тимизини такомиллаштириш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини таъкидладилар. Хусусан, жорий йил 21 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Қайд этиш жоизки, илгари ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорларини аниқлаш борасида жуда кўп саволлар туғилар, муаммолар юзага келар эди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони билан эндиликда тартиб-таомиллар такомиллаштирилиши муносабати билан бу борадаги масалалар ҳам ўз ечимини топадиган бўлди. Яъни, меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар тайинлаш ҳамда солиқлар, давлат божлари, жарималар, йиғимлар ва бошқа тўловларни ундириш ўртасидаги шартларнинг боғлиқлиги бартараф этилади.

Йиғилишда депутатлар парламент назоратининг барча шаклларидан унумли фойдаланган ҳолда, Президентимизнинг ушбу фармони ижроси таъминланишига алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари муҳокамалар чоғида бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, ноқонуний ишлатилиши билан боғлиқ айрим камчиликлар ҳам мавжудлигини кўрсатиб ўтдилар. Хусусан, ҳисобот даврида айрим бюджет ташкилотларида маблағларнинг ишлатилиши билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилаётгани, айрим тармоқларда тўлов интизомига риоя этилмаётгани оқибатида дебиторлик ва кредиторлик, айниқса бюджет олдидаги боқиманда қарздорликларнинг юзага келаётгани танқидий таҳлил этилди.

Мажлис давомида депутатлар вазирликлар ва идоралар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, маҳаллий давлат органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини кучайтириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишда халқ депутатларининг маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорлик қилиш борасида олдинда турган аниқ вазифаларни белгилаб олдилар.

Кенгайтирилган мажлисда мазкур масалалар юзасидан Давлат солиқ ва Божхона қўмиталари вакилларининг Давлат бюджети даромад қисмининг ижроси тўғрисидаги ҳамда иқтисодиётнинг асосий тармоқларидаги бошқа хўжалик бирлашмаларининг ҳисоботлари эшитилди.

Йиғилиш якунида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифлар асосида қўмиталарнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

| 3427 24.05.2019



×
Портал харитаси