Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолати қандай?

​​​​​​​2019 йил 22 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг «Мамлакатимизда 3-7 ёшдаги болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишда давлат ва нодавлат таълим муассасалари фаолиятини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар» юзасидан ахбороти эшитилди.

              Болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш ҳолати қандай?

Ахборотда қайд этилганидек, мактабгача таълим соҳаси узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланиб, у ҳар томонлама соғлом ва баркамол шахсни тарбиялаб, мактабга тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, мамлакатимизда мазкур соҳани янада тараққий эттириш, фарзандларимиз учун барча шароитларни яратиш йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олишда нафақат давлат, балки нодавлат таълим муассасаларининг ҳиссаси сезиларли ортмоқда.

Бугунги кунда республикамиз бўйича 7 104 та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Шундан давлат секторига тегишли муассасалар 5 667 тани ташкил этади. Улардан 5 604 таси Мактабгача таълим вазирлиги, 63 таси эса, бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфидаги мактабгача таълим муассасаларидир. Кейинги пайтда нодавлат мактабгача таълим муассасаларининг сони ҳам сезиларли ошиб бормоқда. Айни пайтда улар сони 1 437 тани ташкил қилади (652 таси хусусий, 206 таси давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 579 таси эса оилавий мактабгача таълим муассасаларидир).

Умуман, мазкур вазирлик ташкил этилгандан буён, мактабгача таълим муассасалари 5 211 тадан 7 104 тага, болаларни қамраб олиш даражаси 27,7 фоиздан 37,7 фоизга ошгани диққатга молик.

2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада ривожлантириш Дастури доирасида мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш, қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мукаммал таъмирлаш борасида муайян амалий ишлар бажарилмоқда. Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 2 июлдаги “2018 йилда мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш манзилли дастури тўғрисида”ги қарори асосида 41 та мактабгача таълим муассасасини қуриш, 303 тасини реконструкция қилиш, 31 тасини мукаммал таъмирлаш (жами 375 та) белгиланган. 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, 268 та объект фойдаланишга топширилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, жорий йилда 447 та, хусусан, 5 та янги мактабгача таълим муассасаси қуриш, 442 та мактабгача таълим муассасасини қайта таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Мазкур ишларга 1 654 миллиард сўм маблағ ажратилиб, қурилиш ишлари бошланган.

Қўмита эшитувида депутатлар мактабгача ёшдаги болаларни мактабгача таълим муассасаларига камраб олишда давлат ҳамда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган муаммолар, уларни бартараф этиш юзасидан вазирлик томонидан кўрилаётган чоралар билан қизиқди. Давлат-хусусий шериклик битимлари бўйича қурилиш-таъмирлаш ишларининг бажарилиши юзасидан аниқ масалаларни ўртага қўйди. Вазирликнинг болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини янада ошириш борасидаги аниқ режалари хусусида савол билан мурожаат этди.

Муҳокамалар чоғида соҳада амалга оширилаётган ишларни янада жадаллаштириш, таълим сифатини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Эшитув якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

| 4410 22.04.2019



×
Портал харитаси