Корея Республикаси Президентининг ташрифи якунланди

​​​​​​​Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин 18-21 апрель кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлди.

Корея Республикаси Президентининг ташрифи якунланди

Аввал хабар қилинганидек, Корея Республикаси Президенти 18 апрель куни Тошкентдаги Инҳа университетида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигида амалга оширилаётган телемедицина лойиҳасининг тақдимот маросимида иштирок этди. Ташрифнинг асосий воқеалари 19 апрель куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтди. Ўзбекистон билан Корея Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. 

photo_2019-04-21_10-37-40.jpg

Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатлари ўзаро ҳамкорлик тарихида мутлақо янги босқичга – алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилди. Ташриф доирасида умумий қиймати 12 миллиард доллардан зиёд қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича битимлар имзоланди. Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташриф буюриб, мамлакатимиз парламенти аъзолари олдида нутқ сўзлади.

Олий мартабали меҳмон Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Мун Чжэ Ин "Ўзэкспомарказ"да ташкил этилган Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес-форумининг очилиш маросимида иштирок этди.

photo_2019-04-21_10-38-16.jpg

Ушбу ташриф шарафига “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида ўзбек ва корейс санъат усталарининг концерт дастури ташкил этилди. Давлат раҳбарлари унда рафиқалари билан бирга иштирок этди.

20 апрель куни Тошкент шаҳрида Корейс маданияти ва санъати уйининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин рафиқалари билан бирга ушбу дўстлик ва маданият саройини очди.

Мун Чжэ Ин шу куни Самарқанд шаҳрига келди. Президентлар рафиқалари ҳамроҳлигида Самарқанддаги тарихий обидаларни томоша қилди.

Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин бугун мамлакатимизга ташрифини якунлаб, Самарқанд шаҳридан жўнаб кетди. Олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикасининг расмий шахслари кузатиб қўйди.

photo_2019-04-21_10-38-19.jpg


                                                                                                          Матназар Элмуродов, Ғолиб Ҳасанов, ЎзА

| 3275 21.04.2019



×
Портал харитаси