Туризм, қайта тикланувчи энергия манбалари, давлат-хусусий шериклик қонун билан тартибга солинади

2019 йил 16 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилдилар.

Туризм, қайта тикланувчи энергия манбалари, давлат-хусусий шериклик қонун билан тартибга солинади

Парламент вакиллари дастлаб «Туризм тўғрисида»ги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Таъкидлаш жоизки, Олий Мажлис қуйи палатасининг шу йил 2 апрелда бўлиб ўтган мажлисида мазкур лойиҳа “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўринишида иккинчи ўқишда қизғин муҳокамаларда кўриб чиқилган эди. Унда депутатлар томонидан билдирилган фикр, муҳокама ва таклифларнинг асосий мақсад-моҳияти амалдаги “Туризм тўғрисида”ги қонунга қарийб етмиш фоиз ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани, туризмга эндиликда иқтисодиётнинг стратегик мақоми берилганидан келиб чиқиб, лойиҳа учинчи ўқишга “Туризм тўғрисида”ги янги қонун сифатида тайёрланди. Унда белгиланган 21 та асосий тушунчадан 9 таси, масалан, “туристик хизматлар буюртмачиси”, “жойлаштириш воситаси”, “туристик фаолият” каби тушунчалар тегишли моддаларга сингдирилди ва асосий тушунчалар сирасидан чиқариб ташланди. Лойиҳа қатор янгиликлар, янги атамалар ва тушунчаларга бой бўлгани учун Қонунчилик палатасининг Норматив-ҳуқуқий атамалар комиссиясида қонун ижодкорлари, мутахассислар ва тилшунослар иштирокида яна бир бор муҳокамадан ўтказилиб, юридик атамалар ва тил қоидаларига тўлиқ мувофиқлаштирилди.

Бир гуруҳ депутатлар томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган «Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида»гиқонун лойиҳаси ҳам муҳокамаларга бой бўлди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистоннинг ривожланиши учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш мамлакатнинг энергетик, экологик ва иқтисодий хавфсизлиги мақсадларида, шунингдек, республика энергетикасининг барқарор ривожланиши учун ўта муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, қайта тикланувчи энергетика чекка, тоғли ва узоқ ҳудудларнинг энергия таъминотида иқлим шароитимизга мос қуёш ресурслари, кичик гидроэнергетика, шамол ресурслари, биомасса ва геотермал энергия иқтисодий асосланган энергия манбаи бўлиб хизмат қилади.

Муҳокамалар чоғида қайд этилганидек, айни соҳадаги муносабатларни тартибга солиш борасида қатор норматив ҳужжатлар, тегишли қарорлар қабул қилинган, кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ушбу соҳада алоҳида қонуннинг қабул қилиниши эса, аввало, қайта тикланувчи энергия манбаларини янада кенг ривожлантириш ва жорий этишга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий базани, соҳадаги ишлар учун қонуний асос, кафолат яратиш орқали чет эллик инвесторларнинг ишончини қозониш ҳамда манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, иқтисодиёт тармоқларида, ижтимоий соҳаларда энергия самарадорлигини ҳамда ёқилғи-энергетика балансини, мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш, соҳада давлат сиёсатининг устувор йўналишларини ва мажмуавий чора-тадбирларини тизимли мустаҳкамлашга кўмаклашади.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишдаги муҳокамаларда билдирилган асосий эътирозлар — ҳаволаки нормалар бартараф этилди, соҳанинг ваколатли органи аниқ белгиланди.

Мажлисда муҳокамаси қизғин кечган масалалардан яна бири «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўлди. Қайд этилганидек, мазкур лойиҳа мамлакатимизда давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий асосини яратиш, халқаро амалиётга мувофиқ, давлат-хусусий шериклик бўйича лойиҳаларни тайёрлаш ҳамда амалга ошириш бўйича ягона қоида ва тартиботни ўрнатишни кўзда тутади. Лойиҳанинг қабул қилиниши чет эл инвестицияларни янада кенг жалб этиш, истиқболли лойиҳаларни халқаро тажриба асосида амалга оширишга имкон беради. Бундан ташқари, қўшимча иш ўринлари яратилишига, давлат-хусусий шериклик жараёнларига жалб қилинадиган соҳаларда мутахассисларнинг малакасини юксалтиришга кўмаклашади.

Мазкур қонун лойиҳа муҳокамалари мобайнида сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари ўзларининг қатъий муносабатини баён этди. Жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (ЎзЛиДеП) фракцияси аъзоларининг фикрича, юртимизда иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, институционал ислоҳотлар инвестиция муҳитини яхшилашга, хорижий ва маҳаллий инвесторлар сонининг ортиб боришига кўмаклашиши баробарида, анъанавий равишда давлат тасарруфида ва бошқарувида бўлган иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммо ҳамда камчиликлар давлат-хусусий шериклик тизимини жорий этишни жадаллаштириш юзасидан муҳим чоралар кўришни тақозо этмоқда.

Лойиҳа ЎзЛиДеПнинг бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш ва рақобатдошлигини ошириш борасидаги устувор вазифаларига тўлиқ мос келади.

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари қонун лойиҳаси хусусида фикр юритар экан, унинг қабул қилиниши Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикликнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини яратишига ишонч билдирди. Хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, халқаро тажриба асосида лойиҳаларни амалга оширишга имкон яратишини маълум қилди. Бундан ташқари, қонун лойиҳаси қўшимча иш ўринлари очилишига, давлат-хусусий шериклик жараёнларига жалб этиладиган мутахассисларнинг билим ва маҳорат даражасини оширишга ёрдам бериши қайд этилди. Ушбу партия сайловолди дастурида айни йўналишда белгиланган устувор мақсад-вазифаларга тўла мос келадиган ушбу қонун лойиҳасида давлат-хусусий шерикликнинг мақсад ва мезонлари, амал қилиш муддати, таъсир этиш соҳалари, шартнома томонлари ҳамда институционал механизми аниқ белгилангани баён қилинди.

Қонуни лойиҳаси Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан ҳам партиянинг дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда, чуқур таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси ижтимоий соҳа объектларини қуриб, фойдаланишга топшириш борасидаги кўплаб муаммолар ечимига ҳам хизмат қилади. Ўз навбатида, фракция аъзолари лойиҳанинг Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастуридаги вазифалар билан ҳамоҳанглигидан келиб чиқиб, уни қўллаб-қувватлашини билдирди. Шу билан бирга, фракция аъзолари томонидан давлат-хусусий шериклик муносабатлари давлат манфаатларини ҳисобга олиб, ҳар томонлама мақбул шартларда, адолатли бўлиши юзасидан қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг нуқтаи назарига кўра, лойиҳада акс этган масалалар мазкур партиянинг дастури ва мақсадларига мос келади. Фракция вакиллари давлат томонидан аҳоли даромадини изчиллик билан кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ижтимоий шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, бизнес тузилмаларининг ижтимоий масъулиятини янада ошириш, давлат ва хусусий сектор ўртасида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда бу борада қонунчилик базасини такомиллаштириш муҳим вазифа сифатида белгиланганини қайд этиб ўтишди. Шуларни инобатга олиб, фракция қонун лойиҳасини қабул қилишни қўллаб-қувватлаш билан бирга, у иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг устувор йўналишларида давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришга хизмат қилишига умид билдирди.

Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

| 3449 16.04.2019



×
Портал харитаси