Депутатлар ногиронлиги бўлган шахслар реабилитацияси борасидаги муаммолар билан қизиқди

2019 йил 12 апрелда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамкорлигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишида Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда ҳудудий реабилитация марказлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар тўғрисидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахбороти эшитилди.

Унда депутатлар, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Ногиронлар жамияти, Ногиронларни реабилитация қилиш миллий маркази, ҳудудий реабилитация марказлари ходимлари, тегишли нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди.

2019 йил 1 апрель ҳолатига республикада жами 16 ёшдан катта ногиронлиги бўлган шахслар сони 608 461 нафарни ташкил этиб, 2019 йил 1 январь ҳолатига нисбатан 67 нафарга камайган бўлсада, бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Сирдарё ва Навоий вилоятларида республика бўйича юқори даражани ташкил этмоқда. 

   

Ушбу худудларда бирламчи ногиронлик белгилаш даражасининг юқорилиги, реабилитация потенциали паст муддатсиз ногиронлик белгиланган шахслар улушининг кўплиги ҳамда ўтказилаётган реабилитация чораларининг самарасизлиги, экологик ҳолатнинг бошқа ҳудудларга нисбатан яхши эмаслиги кўрсаткичнинг юқори бўлишига сабаб бўлмоқда.

Ҳозирги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида жами 725 ўринга мўлжалланган 11 та, жумладан, Тошкент шаҳридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва 9 та вилоятда ҳудудий ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказлари фаолият юритмоқда.

Таъкидланганидек, қўмита аъзолари томонидан жорий йилнинг март-апрель ойларида Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда ҳудудий реабилитация марказлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, беморлар учун яратилган шароитлар ва мазкур соҳадаги мавжуд муаммолар ўрганиб келинди.

Шунингдек, фуқаролардан ногиронлик билан боғлиқ масалада келиб тушаётган мурожаатлар ҳам таҳлил қилинди. Унга кўра, 2018 йилда жами 2077 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг аксарияти ногиронликни белгилаш, ногиронликни қайта тиклаш, ногиронлик гуруҳини оғирлаштириш ва уни муддатсиз белгилаш билан боғлиқдир.

Йиғилишда мамлакатимизда мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар танқидий-таҳлилий муҳокама этилди. Асосий эътибор мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларига қаратилди.

Қайд этилганидек, Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мақсад-моҳиятига кўра, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ногиронликнинг олдини олишга қаратилган муҳим ишларга туртки бўлди.

Ўтган давр мобайнида республикамизда ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва имконияти чекланган болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам беришни ташкил этишнинг таъсирчан тизими шакллантирилди.

Президентимизнинг 2018 йил 20 июндаги “Протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини янада кўчайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори қабул қилиниши билан муҳтож шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш муаммоларини ҳал этиш масаласига жиддий эътибор қаратилди.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиларининг Ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда ҳудудий реабилитация марказлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Ахборотда таъкидланишича, Жиззах, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятидаги ҳудудий реабилитация марказларига чет эл грантлари асосида замонавий ташхислаш-даволаш асбоб-ускунлари етказиб берилган.

2018 йил давомида Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази ҳамда ҳудудий реабилитация марказларида жами 20955 нафар ногиронлиги бўлган шахс реабилитация тадбирларини ўтаган бўлиб, 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 53 нафарга кўп бўлган. Реабилитация тадбирларида қатнашган катта ёшдаги ногиронлиги бўлган шахсларнинг 23,3 фоизида, болаларнинг эса 18,2 фоизида реабилитациянинг ижобий самараси кузатилган.

   

Муҳокамалар жараёнида реабилитация марказларини дори воситалари билан таъминлаш ҳам депутатларнинг асосий эътиборида бўлди. 2018 йилда дори-дармон учун сарфланадиган молиявий харажатлар 47,9 фоизга, озиқ-овқат учун сарфланган маблағ 9,7 фоизга кўпайган.

Депутатларнинг фикрича, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси ва инфратузилмасини етарли даражада ривожлантириш, уларга ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қабул қилишни кенгайтириш, илғор тиббий-ижтимоий реабилитация услубларини кенг жорий қилишни тақозо этмоқда. Беморларнинг реабилитация муолажаларига бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, мавжуд марказлардаги ўрин-жойлар сонини кўпайтириш, шунингдек Сирдарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларида ҳам ҳудудий марказларни очиш масаласидаги таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек, тадбирда протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришда қўлланилаётган технологияларни янгилаш, ушбу соҳада етарли даражада инновацион технологиялар жорий этиш, илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан вазирлик, марказнинг интеграциясини кучайтириш, чет элдан келтирилган замонавий асбоб-ускуналар билан тиллаша оладиган мутахассисларни тайёрлаш лозимлиги таъкидланди.

Муҳокамалар чоғида кўтарилган масалалар — соҳадаги муаммолар илдизини чуқур ўрганиш, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Танқидий таҳлил асосида ўтган эшитув якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

| 3690 13.04.2019



×
Портал харитаси