Хорижий инвестициялар самарали ўзлаштирилиши назорат қилинади

Мамлакатимизда иқтисодиётга хорижий сармояларни жалб қилиш орқали инвестиция дастурларидаги йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий юқори технологияли ишлаб чиқариш объектларини барпо этишга катта эътибор қаратилмоқда. Амалга оширилган ишлар кўламини 2018 йилда асосий капиталга инвестициялар ҳажми 18 фоизга ошгани ва бунинг натижасида саноат ишлаб чиқаришининг ҳажми 14,4 фоизга кўпайганида ҳам яққол кўриш мумкин.

Бу борада хорижий давлатлар ва халкаро молия ташкилотлари раҳбарлари, жаҳоннинг етакчи ишбилармонлари билан музокаралар ўтказилиб, мамлакатимизга бир неча ўн миллиардлаб доллар инвестиция жалб этиш бўйича 700 га яқин инвестиция битимлари имзолангани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жорий йилда ўзлаштириладиган ушбу тўғридан-тўғри хорижий сармоялар иштирокида амалга ошириладиган лойиҳаларнинг ярми ҳудудлар ҳиссасига тўғри келиши, яъни марказдан узоқдаги ҳудудларда амалга оширилиши эса, албатта, қувонарлидир. Шунга қарамай, мазкур хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини тезлаштириш, мавжуд муаммоларни тезда бартараф этиш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда.

Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида айнан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва халқаро молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳалар амалга оширилишини таҳлил қилиш, биринчи ярим йилликка доир вазифаларни белгилаш масалалари кўриб чиқилди.

Йиғилишда Президентимиз таклифига кўра инвестицияларнинг ўз вақтида ўзлаштирилишини таъминлаш учун янги назорат тизими жорий этилиши, эндиликда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги барча лойиҳаларнинг амалга оширилишидаги жараёнлар тўрт рўйхатга бўлиниб, алоҳида ва изчил назорат қилиб борилиши белгиланди.

Хусусан, хорижий инвестициялар иштирокидаги 27 та энг муҳим стратегик лойиҳа Президентнинг доимий назоратида амалга оширилиши, хорижий сармоя иштирокидаги 65 та йирик лойиҳа эса, бевосита Бош вазир назоратида бўлади. Шунингдек, Бош вазир ўринбосарлари томонидан ҳам хорижий инвестициялар иштирокидаги 65 та лойиҳани амалга ошириш ишлари назорат қилиб борилади. Тўртинчи рўйхатдаги лойиҳаларни ҳудудларга бириктирилган марказий идоралар раҳбарлари ҳамда ҳокимлар назорат қилиши белгиланди. Лойиҳалар ижроси доимий равишда муҳокама қилиниб, муаммолар тезкорлик билан ҳал этиб борилиши ва юзага келган муаммоларни тезкор аниқлаб, бартараф этиш бўйича электрон ахборот тизимини қисқа муддатда ишга тушириш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда Президентимиз тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва халкаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш борасида имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётганига эътибор қаратиб, тармоқлар ва ҳудудларга оид янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, хусусан, нефть-газ, кимё, энергетика, қурилиш материаллари, машинасозлик, электр техникаси соҳаларида, шунингдек, ҳудудларда мавжуд салоҳият ва ресурслардан келиб чиқиб, ҳар бир туман ва шаҳар бўйича қўшимча инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.

Мамлакатимизнинг элчихоналари билан биргаликда юртимизда ва хорижда бизнес-форумлар ташкил қилиш, Ўзбекистон билан ишлаш истагини билдирган хорижий инвесторлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиб, лойиҳаларнинг бошидан охиригача уларга ёрдам бериш зарурлиги таъкидланди.

Видеоселектор йиғилишида олий даражадаги ташрифлар якунига кўра тасдиқланган “йўл хариталари” ижросига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, улар доирасида 700 га яқин инвестиция битимлари имзолангани ва битимлар юзасидан Ҳисоб палатаси томонидан маълумотлар базаси яратилгани, уларнинг ижроси бўйича мониторинг ва назорат ўрнатилган айтилиб, “йўл хариталари”даги чора-тадбирларни тез ва изчил амалга ошириш, бу борада ҳукуматлараро комиссиялар фаолиятини жонлантириш зарурлигини қайд этилди.

Мухтасар айтганда, хорижий инвестициялар иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан янги назорат тартибининг жорий этилиши, энг аввало, мамлакатимиздаги мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, инвестиция дастурига киритилган лойиҳаларни кафолатли молиялаштириш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, лойиҳаларнинг иқтисодий жиҳатдан самарадорлигини таъминлаш ва мамлакат иқтисодиёти ўсиш суръатлари узвийлигини таъминлашга хизмат қилади. 


Абдуғани УМИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг депутати

| 3408 13.04.2019



×
Портал харитаси