Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик масалалари муҳокама этилди

Жорий йилнинг 6 апрель куни фуқаролар йиғинлари раислари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Уни Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи республика комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

Тадбирда Республика комиссиясининг аъзолари, сенаторлар, депутатлар, вазирлик ва давлат идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, оқсоқоллар сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи ҳудудий комиссиялар раислари ва аъзолари, номзодларни саралаб олишга кўмаклашувчи минтақавий республика ишчи гуруҳлари раҳбарлари, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман (шаҳар) комиссиялари раислари ва аъзолари, маҳаллаларда тузилган Ишчи гуруҳлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосарининг оқсоқоллар лавозимларига тавсия этилаётган номзодларни саралаб олишга кўмаклашувчи минтақавий республика ишчи гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Бундан ташқари, йиғилишда жорий йил май ойида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича тадбирлар режаси   ижроси масалалари муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, оқсоқоллар сайловини очиқ-ошкора, шаффоф ва адолатли ўтказиш мақсадида ҳукумат даражасида аниқ вазифалар белгилаб олинди. 7 та минтақавий Ишчи гуруҳи тузилгани, сайловни ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссиясининг аъзолари ҳудудларга амалий ёрдам кўрсатиш учун бириктирилгани қайд этилди.

Шу билан бирга, сайловни ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи 214 та ҳудудий комиссия, ишчи гуруҳлар бугунги кунда сайловни юксак даражада ўтказиш учун муайян ишларни амалга ошириб келмоқда.

Шу кунга қадар маҳаллаларда  1 млн. 700 минг нафар киши иштирокида  янги таҳрирдаги Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисидаги қонун мазмун-моҳиятини кенг оммага тушунтиришга қаратилган 26 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди. Республика комиссияси ташаббуси билан мамлакат бўйича 11 минг нафардан зиёд сайлов ташкилотчилари учун минтақавий семинар-тренинглар ташкил этилди. Маҳаллалар кесимида сайлов ҳуқуқига эга бўлган 20 млн. 812 минг нафардан зиёд фуқаролар рўйхати шакллантирилди.

Оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарлик кўриш жараёнини тизимли равишда ёритиб бормоқда. Теле- ва радиоканалларда, босма ва интернет нашрларида 2 мингдан зиёд  материаллар эълон қилинди.

Шу билан бирга, йиғилишда Сенат Кенгаши томонидан тузилган Республика комиссияси саъй-ҳаракати билан ана шундай ишлар амалга оширилганига қарамасдан, айрим мутасаддиларнинг сусткашлиги, масъулиятсизлиги Ўзбекистон фуқаролари учун муҳим ҳисобланган тадбирга тайёргарлик кўришда камчиликлар мавжудлигига сабаб бўлаётганлиги қайд этилди.

Хусусан, деярли барча ҳудудларда сайлов бевосита ўтказиладиган манзил ва объектлар рўйхатини шакллантириш ишлари сусткашлик билан олиб борилмоқда. Сайловни ташкил этиш ва ўтказишга масъул бўлган вилоят ва туман, шаҳар даражасидаги комиссияларнинг эътиборсизлиги оқибатида аксарият ишчи гуруҳлар раҳбарлигига сайлов қонунчилигидан, бу тадбирнинг моҳиятидан деярли бехабар шахслар тайинланганлиги айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, баъзи вилоят ва туман, шаҳарларда шу пайтга қадар тегишли комиссияларнинг масъул котиблари ҳам тайинланмаган. Бу масалага Самарқанд, Сирдарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳамда Тўрақўрғон, Косонсой, Амударё, Кегейли, Беруний, Нуробод, Ургут, Пахтачи туманлари ва Самарқанд шаҳрида мутлақо эътибор   қаратилмаган.

Айрим ҳудудий комиссиялар янги таҳрирдаги Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисидаги қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишда масъулиятсизликка йўл қўйган. Хусусан, бундай ҳолатлар Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Сурхондарё вилоятларида кузатилмоқда.

Фуқаролар йиғинлари раислари сайловини ўтказишга тайёргарлик кўриш жараёнини танқид ва таҳлил қилиш руҳида ўтган тадбирда ҳар бир комиссия аъзосига жойларда аниқланган муаммоларни бартараф этиш учун зудлик билан зарур чоралар кўриш ҳамда амалга оширилган ишлар натижалари ҳақида Республика комиссиясини жорий йил 15 апрелга қадар хабардор қилиш топшириғи берилди.

Йиғилишда аҳолини сайлов ҳақида хабардор қилишда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш, фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ишларини янада фаоллаштириш мақсадида бошқа аниқ вазифалар ҳам белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 3451 06.04.2019



×
Портал харитаси