Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди

​​​​​​​​​​​​​​Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ қилиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш бўйича комиссияси ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

         Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини  ошириш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилди

Йиғилишда Республика ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганиш давомида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирларнинг ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, жорий йилинг 24 январь — 18 март кунлари Қонунчилик палатаси Спикери раҳбарлигидаги Республика ишчи гуруҳи ҳудудлар кесимида барча туман ва шаҳарларни қамраб олган ҳолда, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини ўрганди.

Ўрганишлар давомида сурункали касалликларга чалинган қарийб 
42,7 минг нафардан зиёд фуқаро ва эҳтиёжманд оилалар аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилди. Улардан 6,3 минг нафарига амбулатор, 3,8 минг нафарига туман, 1,6 минг нафарига вилоят ва 292 нафарига республика соғлиқни сақлаш муассасаларида даволаниш учун йўлланмалар берилди ҳамда 379 нафар беморда юқори технологик жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

Шунингдек, ҳудудларда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш борасида қилинаётган ишлар, Ишчи гуруҳи томонидан аниқланган камчилик ва муаммолар ҳалқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида атрофлича муҳокама этилди.

Ишчи гуруҳининг ўрганишлари давомида охирги икки йилда тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базаси, дори воситалари ва тиббий буюмлар таъминоти яхшилангани, тиббиёт муассасаларининг аҳолига яқинлаштирилгани, тиббиёт ходимлари масъулияти, дунёқараши ва ишга бўлган муносабати бирмунча ошгани ўзининг бир қатор ижобий натижаларини кўрсатаётгани маълум бўлди.

Йиғилишда Ишчи гуруҳининг фаолияти давомида кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва аҳоли саломатлиги кўрсаткичларини оширишга тўсқинлик қилаётган муайян муаммолар ҳам аниқлангани айтиб ўтилди. Хусусан, аксарият туман ва шаҳарларда шошилинч тиббий ёрдам, болалар реанимацияси, туғруқ, неонатология ва болалар бўлимларида аҳоли сони ва касалланиш ҳолати ҳисобга олинмагани натижасида шифо ўринлари етишмаслиги кузатилган.

Шунингдек, аҳоли кам истиқомат қиладиган олис ва чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида штат нормативларига кўра, умумий амалиёт шифокорлари, тор соҳа мутахассислар ва патронаж ҳамширалари учун штатларнинг кам ажратилгани ушбу ҳудудларга малакали мутахассисларни ишга жойлаштиришда ўзининг салбий таъсирини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, шифокорларнинг малакасини ошириш масаласида ҳам муаммолар учрамоқда. Бугунги кунда шифокорлар республика бўйича атиги учта олий таълим муассасасида малакасини оширади, холос. Шу сабабли, шифокорлар малакасини ошириш ваколатини барча тиббиёт марказларига бериш ҳамда масофадан туриб малака ошириш механизмларини жорий этиш, депутатларнинг фикрича, бу борадаги кўплаб оворагарчилик, ортиқча вақт ва маблағ сарфининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Шу ва шунга ўхшаш бир қатор муаммоларни бартараф этиш юзасидан “Йўл харитаси” ишлаб чиқилган бўлиб, мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш механизмлари ҳамда белгиланган тадбирларни амалга оширишнинг аниқ муддатлари ва масъул ижрочилари белгилаб олинди.

– Соҳада амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар мамлакатимиз тиббиёти тараққиётида янги даврни бошлаб берди, — дейди Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси Иноят Ҳожиев. — Бунга ҳудудлардаги ўрганишлар давомида соҳада кўплаб ишлар амалга оширилгани, бу эса, ўзининг ижобий натижаларини бераётганига гувоҳ бўлдик. Аммо аҳолига тиббий хизмат кўрсатишда ҳали ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар ҳам мавжуд. Биз бугун муҳокама қилган “Йўл харитаси”да мазкур муаммоларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифаларни белгилаб олдик. Масалан, “Йўл харитаси”га кўра, республикамиздаги барча шаҳар оилавий поликлиникаларида тор соҳа мутахассислари штат меъёрларини қайта кўриб чиқиб, тор мутахассисларни аҳолига яқинлаштириш чоралари кўрилади.

Йиғилиш давомида “Йўл харитаси”даги тадбирларнинг ижросини белгиланган муддатларда тўлиқ ва сифатли таъминлаш, бу борада амалга оширилаётган ишлар устидан доимий парламент назоратини олиб бориш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди ҳамда мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.

| 3703 03.04.2019



×
Портал харитаси