Депутатлик сўровидан сўнг Андижон тумани қишлоқлари ичимлик сув билан таъминланадиган бўлди

Инсонлар дарду ташвиши билан яшаш, уларнинг ҳаётдан розилигини таъминлаш бугун ҳар бир мутасаддининг муддаосига айланиши лозимлигини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Шу маънода, жойларда уйма-уй юриб, оддий одамлар билан мулоқот қилиш барча давлат органлари қатори Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланди.

       Депутатлик сўровидан сўнг Андижон тумани қишлоқлари ичимлик сув билан таъминланадиган бўлди

Маълумки, бугунги кунда парламент қуйи палатаси депутатлари ҳар ойнинг сўнгги ҳафтасида ўзлари сайланган округларида бўлиб, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, сайловчиларнинг яшаш тарзи билан яқиндан танишиб, уларни қийнаётган муаммо ва камчиликларни ваколатли давлат органлари билан ҳамкорликда ҳал этиш чораларини кўрмоқдалар. Жумладан, Андижон вилоятининг Хортум сайлов округидан сайланган депутат Мухаррам Дадахўжаеванинг сайлов округидаги фаолияти давомида Андижон тумани “Наврўз” ва “Март” МФЙларда яшовчи фуқаролар Тешик тош, Орол, Бўтақора, Янгиобод, Гулистон, Айрилиш ва Оқ ёр қишлоқларида яшовчи 150 минг аҳолининг ичимлик сув таъминотидаги муаммо, бир неча йилдан бери қилинаётган мурожаатларга қарамай, ҳал бўлмай келаётганини айтиб, депутатга мурожаат қилди.

Депутатнинг ушбу масала ечими юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарига йўллаган депутатлик сўровидан сўнг ичимлик сув таъминотидаги муаммолар ҳал этиладиган бўлди. Сўровга йўлланган маълумотда мамлакатимиз Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори талабларидан келиб чиқиб, ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини қуриш, реконструкция қилиш бўйича истиқболли лойиҳаларнинг рўйхати ҳамда дастлабки лойиҳа ҳужжатлари тайёрланаётгани келтириб ўтилган. Гап шундаки, ушбу рўйхатга Андижон тумани Тешик тош, Орол, Бўтақора, Янгиобод, Гулистон, Айрилиш ва Оқ ёр маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисини ичимлик сув билан таъминлаш бўйича дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 24 миллион АҚШ долларилик маблағ ҳисобига Қўрғонтепа тумани “Ижтимоият” МФЙ ҳудудидаги ичимлик сув манбаидан 41,6 километр узунликдаги қувур тортиш лойиҳаси ҳам киритилган.

Умуман олганда, мазкур муаммога Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги эътибори жалб этилди ҳамда у тез орада ҳал этиладиган бўлди.

| 3411 04.04.2019



×
Портал харитаси