Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш комиссияси ўз фаолиятини амалга оширмоқда

2019 йил 5 апрелда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишни Комиссия раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Ниғматилла Йўлдошев олиб борди.

     

Йиғилишда Комиссия аъзолари, вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Йиғилиш кун тартиби доирасида Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссиясининг низоми, 2019 йилги иш режаси ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда гендер тенглиги нафақат ахлоқий тамойил, балки самарали иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади. Шу боисдан мамлакатимизда хотин-қизларнинг ўз интилиш ва қобилиятларини тўлақонли рўёбга чиқариш учун янада қулай шарт-шароитлар таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳам шу мақсадга қаратилган. Унга кўра, Хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси кўмагидаги Хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия тузилиши назарда тутилган.

     

Комиссиянинг асосий вазифалари қаторида мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлашга ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатини амалга оширишда фаол иштирок этиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан аёлларнинг гендер тенглиги бузилишига оид мурожаатларини кўриб чиқиш белгиланди.

Шунингдек, аҳолининг иқтисодий фаол қатлами орасида аёлларнинг улушини кўпайтириш масалалари бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси ҳам Комиссия зиммасига юклатилди. Шу билан бирга Комиссия аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади. Бу борада халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш, аёлларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган чораларни белгилаши ва самарали ижро этилишини таъминлаш ҳамда кенг қамровли тарғибот ишларини ташкил этиш лозимлиги қайд этилди.

     

Комиссия ўз фаолиятида парламент аъзолари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, сиёсий партиялар, Хотин-қизлар қўмитаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, бошқа вазирлик ва идоралар, оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорлик қилиши белгиланди.

Комиссия йиғилишида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.   

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 3896 05.04.2019



×
Портал харитаси