Бош прокуратура матбуот хизмати: жиноятларни фош этишга доир фаолият юзасидан ахборот

Жорий йилдан бошлаб мамлакатимизда жиноятчиликни камайтириш, фуқароларда қонунга ҳурмат туйғусини кучайтириш мақсадида Бош прокуратура томонидан Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда қатор комплекс чоралар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

          

Хусусан:

жойларда амалий ёрдам кўрсатиш учун Бош прокуратура ва ИИВ ходимлари таркибидан доимий фаолият юритадиган ишчи гуруҳлар ташкил этилди;

жиноятларни тезкор фош этиш бўйича ҳудудларда тажрибали ходимлар (экспертлар, криминалистлар, терговчилар)дан иборат ишчи гуруҳлар тузилди;

жорий йилнинг 1 мартидан эътиборан электрон жиноий-ҳуқуқий статистикага оид ягона ахборот тизими ишга туширилди;

онлайн режимда назорат қилиб бориш имконини берувчи фош этилмаган жиноятларнинг ягона электрон базаси яратилди;

ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланувчи органлар ҳамкорлигини таъминловчи дастурий илова яратилди ҳамда Навоий вилоятида синов тариқасида ишга туширилди;

қидирувдаги шахслар тергов ва суд органларига ихтиёрий келган тақдирда, эҳтиёт чораси ўзгартирилиши ҳақида қидирилаётган шахсларнинг қариндошлари билан тушунтиришлар ишлари олиб борилмоқда.

Кўрилган мазкур чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг икки ойида бу борада ўтган йилдагига нисбатан салмоқли натижаларга эришилган. Масалан, 2019 йилнинг дастлабки икки ойида содир этилган жиноятлар сони 4 246 тагача камайган бўлиб, бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу давридагига (5 811 та) нисбатан 27 фоиз пасайган.

Пировардида айни пайтда юртимизда ҳар 100 минг аҳолига ўртача 13,3 та жиноят тўғри келмоқда (бу кўрсаткич Тожикистонда — 40 тани, Озарбайжонда 44 тани, Молдовада 150 тани, Россия Федерациясида 225 тани, Қозоғистонда эса 240 тани ташкил этади). Жиноятчилик даражаси ҳам ўтган йилдаги 18,1 фоиздан жорий йилда 26,5 фоиз камайишига эришилган.

Шунингдек, олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида жиноят содир этганлиги учун қидирилаётган шахсларнинг 277 нафари ушланди, 346 та жиноят иши судларга юборилди.

Фош этилмаган жиноятлар сони эса (87 та) ўтган йилдаги билан (144 та) солиштирилганда, 40 фоиз камайди.

Содир этилган барча қотиллик, босқинчилик, оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш жиноятлари тўлақонли фош этилди.

Бундан ташқари, жиноят содир этган 93 нафар шахснинг хорижий давлатлардан экстрадицияси таъминланди.

Жиноятчиликка қарши кураш жараёнида тубдан янги тизимлар ва ёндашувларни қўллаш бу соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган қатор муаммо ҳамда бўшлиқларни яққол аниқлаш имконини яратмоқда. Бу борада ҳали кўп ишлашимиз талаб қилинади.

Лекин, таъкидлаш жоизки, гарчи ҳали кўп фурсат ўтмаган бўлса-да, янги форматда тизимли иш бошланганлиги, мамлакатимизда жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятларни фош этишга манзилли ёндашиш ўз натижаларини бермоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом этяпти.


Сурайё Раҳмонова, Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари.

| 3592 31.03.2019



×
Портал харитаси