Қуйи палатанинг навбатдаги мажлиси кун тартиби белгилаб олинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда депутатлар қуйи палатанинг навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилаётган масалаларни келишиб олдилар.

Қуйи палатанинг навбатдаги мажлиси  кун тартиби белгилаб олинди

Мажлис кун тартибига бир қатор муҳим масалалар таклиф этилаётган бўлиб, улардан бири «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни бўйича келишув комиссиясини тузиш ҳақидаги масаладир.

Гап шундаки, Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 6 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 2019 йил 28 февралда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган эди. Шу муносабат билан мазкур қонун бўйича келишмовчиликларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг таклифига кўра келишув комиссияси тузилмоқда.

Навбатдаги масала — «Гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларнинг овқатланиши тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам палата мажлиси кун тартибига биринчи ўқишда киритиш таклиф этилди. Қонун лойиҳасида мазкур йўналишни давлат томонидан тартибга солиш, унда Вазирлар Маҳкамаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг ваколатлари, кўкракдан эмизишни муҳофаза қилиш ва уни тарғиб этиш, шунингдек, болалар овқати маҳсулотларига қўйиладиган талаблар, уларга риоя этиш чора-тадбирлари, сертификатлаш масаласи ҳамда ушбу соҳада тиббиёт ходимларининг вазифалари белгилаб қўйилмоқда.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар билан оналар бориши учун мўлжалланган тиббиёт муассасалари, шунингдек, бошқа ташкилотлар, жамоат жойларида тегишли санитария қоидалар ва гигиеник нормативларга мувофиқ гўдаклар ва кичик ёшдаги болаларни эмизиш учун шароитлари бўлган махсус ажратилган жойлар ташкил этилиши назарда тутилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ушбу қонун лойиҳаси мамлакатда соғлом авлодни вояга етказишни назарда тутади.

Шунингдек, мажлис кун тартибига «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқиш таклиф этилди. Ушбу қонун лойиҳаси 2018 йилнинг 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинган эди. Таъкидлаш лозим, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 8 августдаги «Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Фармонидан келиб чиқиб, ундаги ҳаволаки нормалар ўрни тўғридан-тўғри амал қилувчи моддалар билан тўлдирилди.

Хусусан, қонун лойиҳасида туризм фаолиятини ташкиллаштиришни таъминлайдиган туризм корхоналари — туризм операторлари, туризм агентликлари, экскурсия ташкилотлари, туризм фирмалари туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи фақат лицензия асосида олиб борилиши белгилаб қўйилмоқда. Бу билан қонуний тартибда туризм фаолиятини ташкил этиш ниятида бўлган исталган юридик ёки жисмоний шахсга мазкур лицензия асосида эркин фаолият юритиши имконияти яратилади. Умуман мажлисда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда туризм соҳасини жадал ривожлантириш, соҳа тараққиётини таъминлаш ва унинг инфратузилмаларини жаҳон стандартларига мос равишда такомиллаштириш имконини бериши таъкидлаб ўтилди.

Йиғилишда барча масалалар дастлабки тарзда сиёсий партиялар фракциялари йиғилишларида чуқур муҳокама қилингани ва улар палата мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрлиги билдирилди. Шундан келиб чиқиб, мажлисни 2 апрель куни ўтказишга келишиб олинди.

| 3551 27.03.2019



×
Портал харитаси