Янги қўмита коррупцияга қарши қандай курашади?

Аввал хабар қилинганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида яқинда янги — Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ташкил этилган эди. 2019 йил 19 март куни мазкур қўмитанинг илк йиғилиши бўлиб ўтди.

         Янги қўмита коррупцияга қарши қандай курашади?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Конституциямиз қабул қилинганининг 26 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Олий Мажлис палаталарида Коррупцияга қарши курашиш бўйича алоҳида қўмиталар ташкил қилишни таклиф этганди. Бу борада давлатимиз раҳбари “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз.

Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт” деб, таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, йиғилишда алоҳида қайд этилганидек, давлат ва жамият ривожига, халқнинг адолатга, эртанги истиқболли кунларга бўлган ишончига жиддий путур етказадиган хавфлардан бири коррупциядир. Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин курашиш ҳамда унинг олдини олиш борасида аниқ чоралар кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президентлик лавозимига киришганидан сўнг қабул қилган илк қонун ҳужжати ҳам айнан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун бўлгани бежиз эмас. Зеро, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг асосий мақсад-муддаосини, мазмун-моҳиятини ҳам инсон ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш, барча ислоҳотларнинг марказида инсон туришини таъминлаш, давлат идораларининг халққа хизмат қилишига эришиш каби ўта муҳим вазифалар ташкил этади. Президентимиз қабул қилаётган барча Фармон ва Қарорлар, юритилаётган ислоҳотлар ана шундай инсонпарварлик сиёсатини амалга оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Албатта, ушбу йўналишда фуқаролик жамияти институтларининг тегишли давлат органлари билан ижтимоий ҳамкорлиги кучаймоқда. Давлат хизматларини кўрсатишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш коррупция ҳолатларининг олдини олишда муҳим механизм ролини бажармоқда.

Эндиги вазифа эса, мамлакатимизда қонунларда ва бошқа меъёрий ҳужжатларда коррупция элементлари бўлишига йўл қўймаслик, жамиятда ушбу иллатга қарши муросасиз курашиш кўникмасини шакллантиришдир. Бунда, албатта, парламентнинг ўз ўрни бўлмоғи лозим.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тузилган Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси олдига қатор муҳим вазифалар қўйилган. Хусусан, унинг зиммасига давлат органлари ва муассасаларида коррупцияга қарши курашиш бўйича ишлаб чиқилган амалий дастурларнинг бажарилиши жараёни устидан кучли парламент назоратини амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларда коррупцияга олиб келувчи нормалар мавжудлигини аниқлаш нуқтаи назаридан уларни чуқур таҳлил қилиш вазифаси юклатилмоқда.

— Ҳар қандай соҳадаги ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижа бериши унга доир ҳуқуқий ҳужжатларнинг қай даражада пухта, коррупцияга йўл очадиган элементлардан холи эканига боғлиқ, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Абдусатторов. — Шу маънода, янги тузилган қўмита ўзига юклатилган масъулиятли вазифаларни бажаришда асосий эътиборни муросасиз, таъсирчан парламент назоратини амалга оширишга қаратади. Жумладан, давлат ва жамият қурилиши, коррупцияга қарши курашиш, суд-ҳуқуқ масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг ижросини назорат қилиш, давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқни қўллаш фаолиятини тизимли равишда ўрганиб боради.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, мазкур қўмита аъзоси Шерзод Тўхташевнинг таъкидлашича, қўмита йиғилишларида мансабдор шахсларнинг коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги фаолияти юзасидан парламент эшитувларини ўтказиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, коррупция ҳақидаги бошқа маълумотларни кўриб чиқиш, амалга оширилган ишлар юзасидан парламент аъзоларини мунтазам равишда хабардор қилиб бориш кабилар ҳам устувор вазифалар қаторида белгиланмоқда.

— Олий Мажлис Қонунчилик палатасида коррупцияга қарши курашишга доир янги қўмита тузилгани жуда яхши иш бўлди, — дейди Ички ишлар вазирлиги бўлим бошлиғи Аъзам Эралиев. — Тараққиёт кушандаси ҳисобланган ушбу иллатга қарши парламент даражасида курашиш келгусида ўзининг ижобий самарасини албатта беради, деб ўйлайман. Сабаби, бугунги кунда ҳар бир идора коррупцияга қаршиш курашиш бўйича ўзининг ички дастурини тузган. Уларнинг ижроси устидан парламент назоратини амалга ошириш ушбу йўналишда Президентимиз бошлаб берган ислоҳотларни амалда тўла таъминлашга ёрдам беради. Шундан келиб чиқиб, биз бугунги тадбирда парламент аъзоларига ўз таклифларимизни бердик, мулоҳазаларимизни билдирдик. Энди янги қўмита билан фаол ҳамкорликда ишласак, ўйлайманки, кўзланган натижаларга эришишимиз шубҳасиз.

Тадбирда қўмитанинг олдида турган вазифаларни ўзида қамраб олган, иш фаолиятини самарали ташкил этишга оид чора-тадбирлар режаси атрофлича муҳокама қилинди. Депутатлар, тегишли мутахассис ва экспертлар томонидан билдирилган таклиф ҳамда тавсиялар асосида қўмитанинг галдаги аниқ режалари белгилаб олинди.


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати

| 247 19.03.2019



×
Портал харитаси
Эшитиш учун матнни белгиланг ва ушбу тугмани босинг