Telegramдан фойдаланаётган тиббиёт ходимларининг мақсади нима?

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари мутахассисларидан иборат таркибда тузилган Республика ишчи гуруҳи Тошкент вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий-санитария ёрдами сифати ва самарадорлигини ошириш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларнинг кадрлар таъминотини яхшилаш, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш маданиятини тарғиб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини таҳлилий ўрганмоқда.

                Telegramдан фойдаланаётган тиббиёт ходимларининг мақсади нима?

 

Тошкент вилоятининг Тошкент туманидаги ўрганишлар мобайнида қатор қишлоқ врачлик пунктлари (ҚВП) фаолияти билан танишилди.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг навбатдаги манзили — тумандаги “Қизғалдоқ” қишлоқ врачлик пункти бўлди.

Тўрт ҳудуд — “Эъзоз”, “Боғи зилол”, Заҳариқ”, “Бунёдкор” маҳаллаларига хизмат кўрсатувчи ушбу қишлоқ врачлик пункти 12,4 минг аҳолини қамраб олган. 24 нафар тиббиёт ходими ишлайдиган мазкур тиббиёт муассасасида фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш, профилактика ишлари тўғри йўлга қўйилгани боис, касалликлар кўрсаткичлари бирмунча яхшиланган. Айниқса, кейинги пайтларда ҳудудда бирорта ҳам оналар ва болалар ўлими қайд этилмагани диққатга моликдир.

Энг муҳими, бу ерда тиббий интеграция яхши йўлга қўйилган. Ҳудуд аҳолисидан бирорким туман шошилинч тез тиббий ёрдам хизматига тушиб қолса, унга бириктирилган ҳамширалар дарров бемор уйига бориб, аҳволи билан қизиқади.

“Қизғалдоқ” қишлоқ врачлик пункти мудири Орифа Шораҳмедованинг айтишича, ҚВПда эришилаётган натижалар билан бирга, ҳали ечилиши лозим бўлган ишлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, ҚВП рўйхатхонаси ишини юритиш учун ходим штати бирлиги ажратилмагани боис, бу вазифани тўғри келган ҳамшира зиммасига юклашга мажбур бўлинмоқда. Бу эса, беморларнинг ҳақли эътирозини келтириб чиқаряпти. Шунингдек, аксарият тиббий аппаратлар, асбоб-ускуна ва жиҳозлари эскирган, муддатини ўтаб бўлган.

Шу ўринда бир эътиборга молик жиҳат ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз.

Тошкент туманидаги бу каби бошқа қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникаларининг патронаж ҳамширалари ҳам патронаж сумкалари билан таъминланган. Улар учун Telegram ижтимоий тармоғида махсус канал очилган бўлиб, доимий фаолият юритяпти.

— Патронаж ҳамширалари ҳар куни жойларга чиқиб, хонадонларда бўлиб, беморлар ҳолидан хабар олади, — дейди Тошкент туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори вазифасини бажарувчи Олимжон Исоқов. — Шу аснода улар кундалик қилаётган иши, мавжуд муаммолар, беморларни қийнаётган масалалар ҳақида қисқача маълумот ва фотосуратларни ушбу каналга жойлаштириб боради. Дейлик, қайсидир кўчада яшовчи фуқаролар белгиланмаган жойга тўккан чиқинди уюм ҳосил қилиб, антисанитар ҳолат юзага келган бўлса, суратга олиниб, маҳалла номи, кўча, жой манзили аниқ кўрсатилган ҳолда, тезкор маълумот узатилади. Каналга жойланган маълумотлар эса, туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти томонидан тегишлилиги бўйича масъул ташкилот ва идораларга назорат қилиш ёки чора кўриш учун тақдим этилади. Энг муҳими, беморларнинг саломатлиги, аҳволи, ҳудуднинг санитария-эпидемиологик ҳолати ҳақида биз, бошқа тиббиёт ходимлари ҳам мунтазам, аниқ хабардор бўлиб борамиз. Замонавий ахборот технологиялари имкониятидан бу тарзда унумли фойдаланиш ҳудудимизда соғлиқни сақлаш, санитария ҳолатини янада яхшилаш ишларида жуда қўл келяпти.

Республика ишчи гуруҳи аъзолари тиббиёт муассасаларида кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати, яратилган шароит билан таниш билан бир қаторда уларнинг муаммолари, ечимини кутаётган масалалар билан ҳам қизиқмоқда. Уларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

Депутатлар томонидан ҚОП, ҚВП раҳбарининг ўзлари хизмат кўрсатаётган ҳудуд аҳолиси олдида ҳисобот бериш ишлари намунали ташкил этиляпти.

Шунингдек, Республика ишчи гуруҳи аъзолари хонадонларда бўлиб, оғир хасталикка чалинган беморлар ҳолидан ҳам хабар олмоқда. Уларни зарур дори-дармон билан таъминлаш, муолажа қилишга бош-қош бўлмоқда. Ногиронлиги бўлган шахсларга ногиронлик аравачалари бериляпти.

Республика ишчи гуруҳининг Тошкент вилоятидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

| 3458 12.03.2019



×
Портал харитаси