Йўл ҳаракати хавфсизлиги депутатлик корпуси назоратида

Жорий йилнинг 22 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 2018 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ижросига бағишланган йиғилиши ўтказилди. Унда Ички ишлар вазирлиги, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Марказий банк, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, “Uzavtoyo‘lbelgi” давлат унитар корхонаси, сиёсий партиялар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

 Йўл ҳаракати хавфсизлиги депутатлик корпуси назоратида

Тадбирда ўтган давр мобайнида 2018 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ва уни 2018-2019 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ижроси бўйича Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг ахбороти эшитилди.

Тадбирда қайд этилганидек, қисқа давр ичида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ҳаракатлар стратегияси асосида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2017 йил 11 июлдаги ПҚ-3127-сон қарорига мувофиқ йўл ҳаракати хавфсизлигини ишончли таъминлаш соҳасида комплекс ташкилий-амалий чора-тадбирлар белгиланди.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисалари профилактикаси тизимини такомиллаштириш, назоратнинг юқори самарадорлигини, ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга барҳам беришни таъминлайдиган йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тартибга солиш тизимини кенгайтириш бўйича ички ишлар органлари ишини ташкил этишнинг сифат жиҳатидан янги тартиби жорий қилинди.

Ушбу ислоҳотлар ўзининг натижаларини бермоқда. Жумладан ўтган 2018 йилда йўл транспорт ходисаларининг сони 2017 йилга нисбатан 10,5 % камайишига, бунда ўлим билан боғлиқ ҳолатлар 8,5%, тан жарохати билан боғлиқ холатлар эса 12,2% камайишига эришилди.

Бироқ, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, ўлимга олиб келган ҳуқуқбузарликлар сони ҳали ҳам юқорилигича қолмоқда — ўртача 100 минг кишига 8,3 ҳолат сақланмоқда.

Бугунги кунда йўл ҳаракати қатнашчилари томонидан йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини тўлиқ таъминлаш, йўл транспорт ҳодисаларини сонини камайтириш, фуқароларда, айниқса автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ва пиёдаларда йўлларда ҳаракатланиш маданиятини шакиллантириш зарурати ички ишлар органлари олдига янги вазифаларни қўймоқда.

Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг ахбороти депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди, савол-жавобларга бой бўлди.

Тадбирда Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича Андижон, Наманган, Самарқанд, Фарғона вилоятилари ва Тошкент шаҳридаги ишларни ўрганиш натижалари ҳам муҳокама.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни амалга оширишда парламент аъзоларининг роли, шу жумладан ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосларини яратиш, депутатларнинг йўл ҳарақати хавфсизлиги хизмати ходимлари билан мунтазам мулоқотини йўлга қўйиш, фуқароларда йўл ҳаракати қоидаларига тўлиқ риоя этилишида депутатлик корпуси имкониятларидан кенг фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратишди.

Ўрганиш жараёнида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш, транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш тартибини янада такомиллаштириш, автотранспорт воситаларига давлат рақамларини бериш тизимини қайта кўриб чиқиш ва шаффофлигини ошириш, йўл патруль хизмати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг билим даражасини кучайтириш, спиртли ичимлик истъемол қилишда гумонланаётган шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини такомиллаштириш, кўчаларни ёритиш, йўл белгиларини қайтадан хатловдан ўтказиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.    

2018 — 2022 йилларда Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ва уни 2018-2019 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг самарали ижросини таъминлаш юзасидан парламент назоратини кучайтириш зарурати қайд этилиб, бу борада бир қатор тадбирлар ўтказишга келишиб олинди.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

 

| 3452 22.02.2019



×
Портал харитаси