БМТ Бош котибининг Афғонистондаги махсус вакили билан учрашув

2019 йил 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев БМТ Бош котибининг Афғонистондаги махсус вакили Т.Ямамото билан учрашди.

    

Учрашувда Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ўрнатиш, инфратузилмани, кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантиришда, қардош афғон халқига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда Ўзбекистоннинг иштироки билан боғлиқ сиёсий жараён хусусида фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш принципларига асосланган дўстона муносабатлар тобора мустаҳкамланиб ривожланмоқда. Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишга кўмаклашиш, қардош қўшни давлат билан дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолиятининг устуворликларидан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Афғонистон бўйича Қобул жараёни, Москва формати, Халқаро алоқа гуруҳи, “Ўрта Осиё – Истанбул жараёни” форуми, “ШҲТ – Афғонистон” алоқа гуруҳи, Афғонистон бўйича минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича конференция (РЕККА) каби халқаро анжуманлар ишида фаол иштирок этмоқда.

      

Томонлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Президенти Ашраф Ғаний ташаббуси билан 2018 йил мартда Тошкентда бўлиб ўтган Афғонистон бўйича конференция халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган ҳаракатларини сезиларли равишда фаоллаштирганини қайд этдилар.

Т. Ямомото Ўзбекистоннинг жорий йил иккинчи ярмида Тошкент шаҳрида РЕККАнинг саккизинчи йиғилишини ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади ва мамлакатимизнинг Афғонистонни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка жалб қилиш борасидаги афғон халқи манфаатларига тўлиқ жавоб берадиган саъй-ҳаракатларига юксак баҳо берди.


Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 3399 06.02.2019



×
Портал харитаси