Тошкентда ШҲТ Халқ дипломатияси маркази иш бошлади

Тошкент шаҳрида Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Халқ дипломатияси маркази очилишига бағишланган брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирликлар ва идоралар, дипломатик корпус ва Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, шунингдек маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистондаги ШҲТ халқ дипломатияси маркази раҳбари, сенатор Раҳматулла Назаров Марказ 2017 йил июнда Остона шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиеёвнинг ташаббуси билан ташкил этилгани ва Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти мамлакатлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш учун ўз фаолиятида халқ дипломатияси механизмларидан фойдаланишини қайд этди.

Тадбирда таъкидланганидек, бутун дунёда глобаллашув ва интеграция жараёнлари кучайиб бораётган бир шароитда халқ дипломатияси халқаро муносабатларнинг асосий элементларига айланмоқда. Жамоат ташкилотлари ва бирлашмалари фаолияти, қардош шаҳарлар даражасидаги алоқалар, ижтимоий-сиёсий акциялар, халқаро ноҳукумат ташкилотларининг ҳамкорликни кучайтириш бўйича ташаббуслари давлатлар ва халқларнинг янада яқинлашишига, барча даражаларда мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланишига кўмаклашади. Халқ дипломатияси воситаларидан фойдаланиш, шубҳасиз, ШҲТ мамлакатлари ва уларнинг халқлари яқинлашишига, ўзаро ишонч ва яқин қўшничилик руҳи мустаҳкамланишига кўмаклашади.

Ўзбекистон Раҳбарининг ШҲТ Халқ дипломатияси марказини ташкил этиш тўғрисидаги ғояси республикада кенг қўллаб-қувватланди ва бир қатор давлат муассасалари ва жамоат ташкилотлари, жумладан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси, Ташқи ишлар, Маданият, Олий ва ўрта махсус таълим, Жисмоний тарбия ва спорт вазирликлари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фанлар ва Бадиий академиялари, Ёшлар, Журналистлар ва Ёзувчилар уюшмалари, нодавлат нотижорат ташкилоти кўринишидаги Марказни таъсис этиш ташаббусини илгари суришди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Марказни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарори янги ташкил қилинган тузилма учун жиддий кўмак бўлди.

ШҲТ мамлакатлари билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш, делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштириш, ШҲТ мамлакатларининг фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан ёшлар ва хотин-қизлар ташкилотлари ўртасида дўстона ҳамкорлик муҳитини қарор топтириш учун шарт-шароитлар яратиш Марказ фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгиланган. Шу билан бир қаторда Марказ ШҲТ мамлакатлари халқларининг бой тарихий ва маданий меросини, кўп асрлик анъаналарини билиш мақсадида ахборот ресурсларини шакллантиришга ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик қилишга кўмаклашади, шунингдек ШҲТ мамлакатларининг маданий-гуманитар соҳада эришган ютуқлари тўғрисида ахборот-тахлилий материаллар тайёрлайди ва уларни мунтазам чоп этиб боради.

Тадбир доирасида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти халқ дипломатияси маркази фаолиятининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда иштирок этганлар Марказнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари, шунингдек режалаштирилаётган тадбирлар тўғрисида маълумот олдилар.

Жумладан, таъкидланганидек, Марказ фаолиятини ташкил этиш бўйича “йўл харитаси”га мувофиқ 2019 йилда Марказ ва ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ва мулоқот бўйича шерикларнинг ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш ва уни ривожлантириш бўйича 30 дан ортиқ тадбир ўтказиш, қўшма тадбирлар, фестиваллар, ярмаркалар, фольклор, халқ ҳунармандчилиги ва ижодиёти кўргазмалари ташкил этиш, Ипак йўлининг маданий меросини сақлаш бўйича ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилмоқда.

Шу куннинг ўзида Марказнинг “Тараққиёт стратегияси” маркази ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан Ҳамкорлик қилиши тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.

 

Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 3463 01.02.2019



×
Портал харитаси