“The Guardian”: “Ўзбекистонга саёҳат йўриқномаси: ойлик маршрут”

​​​​​​​Буюк Британиянинг нуфузли “The Guardian” газетасида таниқли журналист Кэролайн Иденнинг шу номдаги мақоласи эълон қилинди. Унда юртимиз сайёҳлик имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот берилган. Қуйида ана шу материалнинг энг муҳим қисмларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Нима учун бориш керак?

“Бухоронинг мовий гумбазлари, Қорақалпоғистон чўллари, Тошкентнинг бетакрор метрополитени, Самарқанднинг тарихий кўчалари — мана нима учун Ўзбекистон сайёҳларни жалб қилади?, — деб ёзади муаллиф. — Мамлакатнинг шонли тарихи ўзбекона меҳмондўстлик билан уйғунлашиб кетган. Бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида республикага саёҳат қилиш анча осонлашди, бу йўлдаги бюрократик тўсиқлар бартараф этилди, кўплаб тилларда сўзлашадиган гид-таржимонлар мактаби шакллантирилди, темир йўл, автомобиль ва ҳаво йўллари такомиллаштирилди. Кўплаб Европа давлатлари фуқаролари учун виза бекор қилинди. Масалан, Буюк Британия фуқаролари 1 февралдан эътиборан 30 кун мобайнида Ўзбекистонда визасиз бўлиш имкониятига эгалар.

Андижондан Нукусгача...

Мамлакатнинг қайси нуқтасига бориш ҳақида фикр юритар экан, К. Иден саёҳатни пойтахт Тошкентдан бошлашни тавсия этади. “Шаҳар марказидаги маҳобатли Амир Темур ҳайкалини томоша қилиб, сўнгра “ер ости мўъжизаси” — метрополитен бўйлаб сайр қилиш мумкин. Чорсу бозорида расталарнинг тўлалигидан бошингиз айланиб қолмаса, қуруқ мевалар ва нонлардан қўйнингизга сиққанича олинг, чунки бунақасини бошқа ўлкада топа олмайсиз.

Кейин Фарғона водийси томон йўлга тушинг. Ипак саноатининг маркази бўлмиш Марғилон сизни ҳайратда қолдириши аниқ. Бу ерда ҳам бозорга кириб, хилма-хил мевалардан олинг. Қўқоннинг тарихий масжидлари, саройлари сизни гўё ўтмишга етаклайди. Қўқоннинг ҳолвасидан татиб кўришни унутманг. Риштонда эса бутун дунёга машҳур кулоллар яшайди. Уларнинг санъат асарлари жаҳон музейларида намойиш этишга арзийди. Андижонга бориб, у ернинг қовунларини еб кўрсангиз, нега Бобур ҳазратлари Ҳиндистондек улкан давлатда қудратли салтанатга асос солганига қарамай, бир умр Андижонни соғиниб ўтганини англаб етасиз.

Тошкентга қайтиб, тўғри Чимён тоғлари томон йўл олинг. Бу ерда ёзда ҳаммаёқ гулга, қишда эса қорга бурканади.

Самарқандни кўрмасангиз, Ўзбекистонга бормаган ҳисобланасиз. Тезюрар “Afrosiyob” поезди сизни икки соатда у ерга етказади. Самарқанднинг Регистонию улуғвор масжид-мадрасалари ҳар қандай кишининг эътиборини тортади.

Кейинги манзил Нурота — бу ерда муқаддас булоқдан сув ичиб, Бухоро томон йўлга чиқасиз. Бу шаҳарни томоша қилиш учун бир кун етмайди, уни англаш ва ҳис қилиш учун эса бир умр ҳам камлик қилади.

Бухородан Урганч ҳамда Хива томон борасиз. Хивага нега “очиқ осмон остидаги музей”, дея таъриф беришларини биласизми? Чунки бу шаҳар бутунлигича сақланиб қолган. Бунақаси дунё амалиётида камдан-кам учрайди.

Хивадан Нукусга учиб, у ерда дунёга машҳур Савицикий музейига киринг. Ўзининг тасвирий санъат намуналари билан Савицкий музейи Лувр музейидан кам эмас.

Ўзбекистонда транспорт тизими ривожланган. Темир йўллар тармоғи кенгайиб, тарихий шаҳарлар ўртасида янги йўналишлар ҳамда тезюрар поездлар йўлга қўйилмоқда. Автомобиль қатнови эса сизга ниҳоятда арзон тушади.

Бутун республика бўйлаб меҳмонхоналар мажмуаси қуриляпти. Сўнгги икки йилда мамлакатга сайёҳлар оқими кескин ортгани сабабли меҳмонхонада жойни олдиндан банд қилиб қўйганингиз маъқул.

Ўзбеклар таом тайёрлашни санъат даражасига олиб чиққан, десак, муболаға бўлмайди. Айниқса, миллий таом — палов республиканинг ҳар бир нуқтасида ўзига хос усулда тайёрланишига қарамай, у ҳамма жойда бирдек мазалидир. Бундан ташқари, ош бу шунчаки таом эмас, балки ўзбек маданияти ва меҳмондўстлигининг бир қисмидир.

Ўлканинг қайси нуқтасида бўлишингиздан қатъи назар, иштаҳани очувчи ифорларни сезасиз. Қозонларда пишаётган овқатларнинг мазаси ва кўринишининг ўзи сизга ўзгача кайфият бағишлайди!”.

Инглиз тилидан Анвар МИРЗАЕВ (“Халқ сўзи”) таржимаси.

| 3483 01.02.2019



×
Портал харитаси