Сенат Комиссиясининг матбуот анжумани бўлиб ўтди

2019 йилнинг 17 январь куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссиясининг 2018 йил давомида амалга оширган ишлари ва жорий йилга белгиланган устувор йўналишларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

                  

Таъкидланганидек, ҳисобот даврида Сенат комиссиясининг 5 та мажлиси ўтказилиб, уларда 19 та масала, жумладан 3 та вилоят (Андижон, Бухоро ва Фарғона) ҳокимининг ҳисоботлари муҳокама қилинди. Сенат комиссияси томонидан 15 та назорат тадбири амалга оширилди.

Таъкидланганидек,  маҳаллий даражада самарали фаолият юритувчи депутатлик корпусини шакллантириш ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим омили бўлиб, маҳаллий вакиллик ҳокимияти органларининг социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлардаги иштироки ва ролини мустаҳкамлашга, халқ депутатлари томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти устидан депутатлик назоратини ўрнатишга  хизмат қилади. Шу жиҳатдан ҳисобот даврида айнан маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, уларни ислоҳотлар самарасига муносиб ҳисса қўшадиган тизимга айлантиришга  алоҳида аҳамият қаратилди.

Жумладан, 2018 йилда Комиссия томонидан ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш самарадорлигини оширишда халқ депутатлари иштироки ҳолати Наманган вилояти мисолида ўрганилди. Унинг натижаларига кўра Наманган вилояти ҳокимлигида Сенат комиссиясининг мазкур масала муҳокамасига бағишланган мажлиси ўтказилиб, унинг якуни бўйича Сенат комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинди.

                   

Шунингдек, Комиссия томонидан республикамиздаги қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигининг халқ депутатлари туман Кенгашларида муҳокама қилиниши амалиёти ўрганилди. Сенаторлар ва халқ депутатлари туман Кенгашларининг депутатларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан вилоятларда ўрганишлар олиб борилди. Вилоятларнинг барча туманларида маҳаллий Кенгашлар сессиялари ўтказилиб, уларда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишларни ўрганиш натижалари, Фермерлар кенгаши раиси ва туман ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари ҳисоботлари муҳокама қилинди. Бу йўналишдаги вазифаларнинг ҳудудлардаги ижроси Сенат комиссияси томонидан тизимли равишда ўрганилди. Таҳлиллар натижасида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

Қишлоқ хўжалигида сувдан оқилона фойдаланиш, сув танқислигининг оқибатларини юмшатиш, ғўзада кафолатли ҳосил олиш аграр соҳа самарадорлигини ошириш йўналишидаги муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Бу борада парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш юзасидан республиканинг барча ҳудудларида Сенат комиссияси аъзолари томонидан тегишли ишлар амалга оширилди. Хусусан,  ҳудудларда  ушбу йўналишдаги ишларни мувофиқлаштириб борувчи штаблар тузилди.  Тадбирлар натижалари юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларида муҳокамалар ўтказилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бюджет даромадлари базасини ошириш, янги иш ўринларини ташкил этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича ҳудудларда олиб борилаётган ишлар ҳам Комиссия назоратида эканлиги қайд этилди. Хусусан,  маҳаллий Кенгашларда ҳар чорак якуни бўйича ҳоким ўринбосарлари, солиқ ва молия идоралари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш бўйича муҳокамалар ўтказилди ва қабул қилинган қарорларни таҳлил қилиб бориш ишлари давом эттирилди. Таҳлиллар натижасида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.

                   

Матбуот анжуманида ўтган йилда олиб борилган ишлар сарҳисобидан келиб чиқиб, жорий йилга белгиланган режалар хусусида ҳам сўз юритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрда Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини кучайтириш бўйича муҳим масалалар баён этилди ва Олий Мажлис палаталарига 2019 йил давомида ушбу масалаларни парламентда атрофлича муҳокама қилиб, амалий чоралар дастурини қабул қилиш тавсия этилди. Ушбу дастурни ишлаб чиқишга Комиссия аъзолари ҳам бевосита ҳисса қўшадилар.

Шунингдек, жорий йилги Давлат дастурида  Комиссия томонидан ҳар ойда камида иккита туманда депутатлар иштирокида очиқ мулоқотлар, давра суҳбатлари, семинар ва бошқа тадбирлар ўтказиб бориш орқали маҳаллий Кенгашлар ваколатларининг самарали амалга оширилишига амалий, назарий ва услубий кўмак кўрсатиш назарда тутилмоқда.

 Матбуот анжуманида Комиссиянинг жорий йилга режалаштирилган бошқа ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди, журналистлар барча саволларига батафсил жавоб олдилар.


Ўзбекистон Республикаси 
Олий Мажлиси Сенатининг 
Ахборот хизмати

| 3356 18.01.2019



×
Портал харитаси